Аҳмад Саъд Даманҳурий: Мотуридий Афлотундан кейинги иккинчи файласуф
Энг муҳими Имом Мотуридий шахси, унинг ҳаёти ва фаолияти, асарлари ёшларимиз тарбиясига улкан ижобий таъсир кўрсатади.
Самарқандда давом этаётган “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусидаги халқаро конференциянинг мартабали меҳмонларидан бири – Туркия ислом илмлари академияси раҳбари Аҳмад Саъд Иброҳим Абдурраҳмон Усмон Даманҳурий ЎзА мухбири билан Мотуридий шахсига тааллуқли жуда қимматли фикрларини баҳам кўрди:
– Мен Ўзбекистонга келишдан олдин мамлакатингизда диний соҳада амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар ҳақида эшитдим, ўқидим. Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев жаноблари ҳам бу борада жуда катта илм-маърифатга эгалиги, мазкур конференцияни ташкил этиш ташаббускори ҳам айнан Давлат раҳбари экани ҳаммамизни беҳад хурсанд қилди.
Мен 2007 йилдан буён Мотуридийнинг тафсир китоблари бўйича илмий изланишлар, тадқиқотлар олиб бора бошладим. Шундан буён фаолиятимни тўлиқ шу мавзуга бағишладим. Нима учун? Ислом тарихини ўрганиш жараёнида мени бир факт жуда ҳайрон қолдирди. Аҳли сунна ва ал жамоада икки буюк аллома номи алоҳида эътироф этилади. Булар Имом Мотуридий ва Имом Ашъарий. Имом Ашъарий ҳақида, унинг ҳаёти ва фаолияти хусусида китобларда 100-200 саҳифалик маълумотлар бор. Бунга “Табақоти шофиия” номли асарни мисол келтиришимиз мумкин.
Мотуридий эса тарих китобларида жуда кам тилга олинган. Масалан бу ҳақда биргина Абу Муин Насафийнинг “Табсиратул адилла асарида бор-йўғи 20 сатргина маълумотни учратишимиз мумкин. Ҳанафий мазҳабига оид китобларда ҳам бир неча сатрлар билангина чекланилган. Айнан шунинг учун мен у кишининг ҳаёти ва фаолиятини чуқурроқ ўрганиш ҳаракатини бошлаб, бу улуғ аллома тўғрисида кенгроқ маълумот тўплашга киришдим. Изланишларим натижасида 200 бетлик “Саддус-суғур би сийрати аламий Ҳуда Абу Мансур” китобини ёздим. Бу асар Мотуридий шахсига доир айрим тушунмовчиликларни бартараф этиш, буюк имомнинг буюк хизматларини маълум маънода эътироф этилишига эришишга қаратилган.
Ушбу конференцияни ўтказишдан кўзланган асосий мақсадлардан бири мусулмон аҳлини Имом Мотуридий ёки бошқа Аҳли сунна ва ал жамоа ақидасига тегишли асл манбалардан яхшироқ хабардор қилиш, айниқса ёшларга бу борадаги асл ҳақиқатни етказиш. Бундан ташқари, Европада айрим гуруҳлар томонидан Исломга нисбатан номаъқул ҳаракатлар учрайдиган ҳозирги пайтда фалсафий маънодаги кўплаб саволларга ҳам Мотуридийдан аниқ, илмий асосланган жавоблар топиш мумкин. Зеро, Имом Абу Мансур Мотуридий Исломий ақида асосчиси бўлиши билан бирга, йирик фалсафий олим ҳам эди. Ўз даврида Мотуридий Афлотундан кейинги иккинчи фалсафий олим ҳисобланган. Бу факт илмий доиралар, дунё зиёлилар томонидан тан олинган. Кейинчалик Европада бу эътирофни инкор этиш мақсадида 800 йил кейин яшаган Жон Док Мотуридийга қарши қўйилиб, иккинчи файласуф сифатида кўрсатилади. Айни мавзудаги назарий манбаларни чуқур ўрганиб, зарур таҳлиллар олиб борилса, ҳақиқат қарор топади.
Энг муҳими Имом Мотуридий шахси, унинг ҳаёти ва фаолияти, асарлари ёшларимиз тарбиясига улкан ижобий таъсир кўрсатади.