Ватанимиз тарихидаги 24 октябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
Кун тарихи
Ватанимиз тарихидаги 24 октябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1511 йил (бундан 509 йил олдин) – Андижондан ярим фарсах (тахминан 4 километр) узоқликдаги Тутлук деган жойда Андижонни эгаллаш учун юриш қилган Қашқар ҳокими Абобакр мирзо ва Андижон ҳукмдори Султон Сайидхон ўртасида жанг бўлиб ўтди. Жангда Султон Сайидхоннинг бир ярим минг кишилик қўшини Абобакр мирзонинг йигирма минг кишилик қўшини устидан зафар қозонди. Абобакр мирзо қўшини катта талафот кўрди, бир қисми асир олинди.
1869 йил (бундан 151 йил олдин) – Туркистон генерал-губернатори Константин фон Кауфман Самарқандда сақланган Усмон Мусҳафини Петербургдаги Император халқ кутубхонасига юбориш ҳақида кўрсатма берди. Бундан бир неча ой олдин Зарафшон округи бошлиғи генерал-майор Абрамов Туркистон генерал-губернаторига Усмон Қуръонини Самарқанддаги Хўжа Аҳрор масжидидан олганлиги тўғрисида хабар берган эди.
Абрамовнинг Кауфманга ёзишича, Самарқанд босиб олинганда руҳонийлар бу қўлёзмани Бухорога олиб кетиш мақсадида яширишган. Бу ҳолат ҳақида генерал Абрамовга унинг айғоқчилари хабар қилишган. Абрамов бу қимматбаҳо қўлёзмани олиш ҳақида Самарқанд уезди бошлиғига буйруқ бериб, у орқали уламоларга тазйиқ ўтказиб, уни “ўз ихтиёрлари” билан топширишга мажбурлаган. Усмон Қуръони энг қадимги қўлёзмасининг Самарқандга келиб қолиши ҳақида турли ривоятлар бор.
1959 йил (бундан 61 йил олдин) – соат 23 дан 40 дақиқа ўтганда Бурчмулла зилзиласи содир бўлди. Зилзила кучи эпицентрда 8 балл, Тошкентда 5 балл бўлган. 60 кун давомида 5–6 балли силкинишлар қайтарилиб турган. Бу даврда кўп турар жойлар вайрон бўлган.
1993 йил (бундан 27 йил олдин) – Тошкентда Холид Малик бошчилигида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Кунига ҳамда ушбу Халқаро ташкилотнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси расмий равишда очилишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида БМТга 1992 йил 2 март куни аъзо бўлган эди.
1994 йил (бундан 26 йил олдин) – Париж шаҳрида ЮНЕСКОнинг мажлислар ўтказиладиган залида “Улуғбек ва буюк Темурийлар даври” мавзусида Халқаро конференция бўлиб ўтди ҳамда “Улуғбек ва анъанавий санъат” кўргазмаси очилди.
1995 йил (бундан 25 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 50 йиллиги муносабати билан Бош Ассамблея мажлисида нутқ сўзлади.
1996 йил (бундан 24 йил олдин) – Тошкент шаҳрида “Амир Темур ва унинг жаҳон тарихида тутган ўрни” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
1998 йил (бундан 22 йил олдин) – Аҳмад ал-Фарғонийнинг 1200 йиллик юбилейи тантанали равишда нишонланди. Фарғона шаҳрида Аҳмад ал-Фарғоний номи билан аталадиган истироҳат боғи очилди. Қува шаҳрида Аҳмад ал-Фарғонийга ҳайкал ўрнатилди.
Европада Алфраганус (Alfraganus) номи билан танилган Абул Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Касир ал-Фарғоний ўрта асрларнинг энг кўзга кўринган алломаларидан бири эди. Олимнинг исми фан тарихида машҳур бўлишига қарамасдан, унинг ҳаёти ва илмий фаолияти ҳақидаги маълумотлар жуда оз. Унинг туғилган йили мантиқий ҳисоблар натижасида 798 йил (баъзи адабиётларга кўра 797 йил) деб топилган.
Фарғонада туғилган олим кейинчалик Бағдод шаҳрига кўчиб ўтиб, Бағдод илмий мактаби – “Байт ул-ҳикма” (“Донишмандлар уйи”)да ижод қилади. У 832–833 йиллари Сурия шимолидаги Синжор саҳросида ер меридианининг бир даражаси узунлигини ўлчашда қатнашади. Бундан ташқари, олим 861 йили Қоҳира атрофидаги Равдо оролига ўрнатилган ниломерни таъмирлаган.
Тарихчи олим Абдулаҳад Муҳаммаджоновнинг маълумот беришича, мусулмон мамлакатлари бўйлаб сафарга чиққан Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги экспедиция аъзолари 1997 йил 5 декабрда Миср Араб Республикасида бўлишиб, Аҳмад ал-Фарғоний ҳаётини ўрганишлари натижасида у Мисрнинг Фустат шаҳрида вафот этганлиги, Мунаттам тоғининг шарқий қисмидан сал нарида жойлашган Имом аш-Шофе қабристонига дафн этилганлигини аниқлашди. Вақт ўтиши билан унинг қабри йўқолиб кетган. У ердан олиб келинган тупроқ Фарғона водийсининг Қува шаҳрида 1998 йил барпо этилган рамзий қабрга қўйилди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади