Мамлакатимизда қурилиш ва коммунал соҳани янада ривожлантириш бўйича тизимли ишлар қилинмоқда. Мазкур ишлар жараёнида 2024 йилда жами 9 та шаҳар, 43 та шаҳарча ва 94 та қишлоқнинг бош режалари ишлаб чиқилди.
Натижада, бош режалар билан таъминлаш даражаси шаҳарлар бўйича 97 фоизга, шаҳарчаларда 25 фоизга, қишлоқлар бўйича 22 фоизга етди. Соҳага оид техник-норматив ҳужжатларни замонавий талаблар асосида янгилаш ва халқаро нормаларга уйғунлаштириш мақсадида 105 та шаҳарсозлик норма ва қоидалари, 56 та стандарт ҳамда 4 та техник регламентлар ишлаб чиқилди.
Шунингдек, иш турлари, қурилиш материаллари, машина ва механизмлари кўрсаткичларининг ягона базасини ўзида ифода этган “Қурилиш ресурслари миллий классификатори” ишлаб чиқилиб, тегишли ташкилотларнинг маълумотлар базалари билан интеграция қилинди ва онлайн маълумотлар алмашинуви йўлга қўйилди.
Мазкур ишлар хусусида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Саидносир Усмонов куйидагиларни гапириб берди.
– Мазкур классификаторга бугунги кунда 180 мингдан ортиқ қурилиш ресурслари киритилган, – дейди Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Саидносир Усмонов. – “Янги Ўзбекистон” массивларида ва аҳоли талабгор ҳудудларда 1 минг 984 та замонавий кўп қаватли уйлар фойдаланишга топширилди. Шунингдек, ушбу уйларни муҳандислик-коммуникациялар билан таъминлаш мақсадида 100 км автомобиль йўллари, 63 км ичимлик ва оқова сув тармоқлари ҳамда 18 та сув иншоотлари, 68 км иситиш тармоқлари ва 22 та қозонхоналар, 208 км электр тармоқлари ва 224 та трансформаторлар, 29 км газ тармоқлари ва 16 та газ тақсимлаш пунктлари барпо этилди. Энергия тежамкор технологиялар, материаллар ва лойиҳа ечимларидан самарали фойдаланган ҳолда ижтимоий соҳа объектларининг 20 типдаги намунавий лойиҳалари ишлаб чиқилди.
Ушбу замонавий лойиҳалар 404 та ижтимоий соҳа объектларида қўлланилди. “Шаффоф қурилиш” тизими орқали 23 мингга яқин объект лойиҳаси экспертизадан ўтказилди ва натижада салкам 8 триллион сўм маблағ лойиҳаларнинг смета қисмидан иқтисод қилинди. Шунингдек, “Шаффоф қурилиш” платформаси орқали 13 мингдан ортиқ объектлар бўйича лойиҳа ва пудрат ташкилотларини аниқлаш учун онлайн электрон тендерлар ўтказилди. Натижада, 614 миллиард сўм маблағ иқтисод қилинди.
“Рейтинг электрон платформаси”нинг мезонлари ва кўрсаткичлари такомиллаштирилди ва ушбу рейтингга киритилган қурилиш ташкилотлари сони 17 мингдан ортиб, лойиҳа ташкилотлари сони 2300 тага яқинлашди. Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш Дастури доирасида 2 минг 444 та объектда давлат бюджети ҳисобидан қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Натижада 709 та мактабгача ва мактаб таълими, 10 та олий таълим, 140 та тиббиёт, 32 та спорт, 7 та маданият, 2 та илмий муассаса, 77 та ичимлик суви, 8 та иссиқлик таъминоти, 82 та йўллар ва кўприклар, 166 та ирригация ва мелиорация ҳамда 180 та бошқа соҳа объектлари фойдалинишга топширилди.
Маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида 1 минг 571 та ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектларида қурилиш, таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилди. Бошқарув ташкилотлари маблағлари ҳисобидан 9 минг 849 та кўп квартирали уйларда таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Натижада 2 минг 846 та уйнинг том қисми, 6 минг 975 та кириш йўлаклари, 3 минг 624 та электр шитлар, 1 минг 22 та уйнинг ички муҳандислик тармоқлари, 3 минг 833 та ертўла қисмидаги муҳандислик тармоқлари ва 1 минг 159 та уйнинг фасад қисми таъмирланди. Шунингдек, 2 минг 75 та кодли қулфли темир эшиклар, 317 та кодли қулфлар, 4 318 кв.м фрамуга ромлар ва 4 минг 279 та сенсорли лампалар ўрнатилди.
Бундан ташқари, уйлардаги 374 мингдан ортиқ электр хўжалик объектлари хатловдан ўтказилиб, “қизил”, “сариқ”, “яшил” тоифаларга ажратилди. Шу асосда “қизил” тоифадаги 108 мингдан ортиқ шитлар мукаммал таъмирланди. Кўп қаватли уйлардаги эскирган 528 та лифт янги ва замонавийсига алмаштирилди.
Бундан ташқари, кўп қаватли уйлар ва улар хақидаги маълумотлар жамланган “Менинг уйим” биллинг тизими жорий қилинди. Ҳудудларда фаолият юритаётган 498 та қозонхона ва 3 минг 500 км иссиқлик тармоқларидан 16 мингга яқин кўп қаватли уй ва 4 мингдан ортиқ ижтимоий соҳа объектларига 7,7 миллион гекакалория иссиқлик энергияси ва иссиқ сув етказиб берилди. Шунингдек, 14 та инвестиция лойиҳаси доирасида 10 та қозонхона ва 68 км иссиқлик тармоқларида қурилиш-реконструкция ишлари бажарилиб, 14 та иситиш қозонлари ўрнатилди.
Жаҳон банки иштирокидаги лойиҳалар доирасида 10 та иситиш қозонлари қуриб битказилди, 56 км иссиқлик тармоқлари янгиланди ҳамда 1 минг 280 та индивидуал иссиқлик пунктлари ўрнатилди. Иссиқлик тизимини қиш мавсумига тайёрлаш доирасида 3 та қозонхона, 736 та қозон ва 585 км иссиқлик тармоқлари таъмирланди.
Қолаверса, барча дастурлар доирасида 292 та маҳаллада жами 1 минг 342 км ичимлик сув тармоқлари ва 225 та сув иншооти қурилди. Натижада 1,3 миллион нафар аҳоли ичимлик суви билан таъминланди ва 3 миллиондан ортиқ аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланди.
Ш.Маматуропова, ЎзА