Президентимизнинг 2020 йил 12 августдаги “Кимё ва биология йўналишларида узлуксиз таълим сифатини ва илм-фан натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги ҳамда 2021 йил 19 мартдаги “Физика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида умумтаълим мактаблари битирувчи синф ўқувчилари ўртасида ўтказилган кимё, биология, физика фанларидан кўп босқичли олимпиаданинг ҳал қилувчи университет босқичида 9 нафар ўқувчи ғолиб деб топилган.
Улар Қарши давлат университетига шартнома асосида (шартнома тўловлари университет ҳисобидан амалга оширилади) ўқишга тавсия этилган эди. Куни кеча Қарши давлат университетида муддатидан олдин талабаликка тавсия этилган мактаб битирувчиларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда сўз олган университет ректори, профессор Д.Набиев олий таълим муассасаси талабасига айланган мактаб битирувчиларини самимий қутлади. Давлатимиз раҳбарининг таълим тизимига қаратаётган улкан эътибори натижасида билимли ёшлар сафи кенгаяётганлигини мамнуният билан қайд этди.
– Олимпиадада физика фани бўйича қатнашиб фахрли иккинчи ўринни эгалладим. Ҳар бир босқичда билимли тенгдошларим билан беллашишга тўғри келди. Устозларим ва ота-онамни юзларини ёруғ қилиб, муддатидан олдин университет талабаси деган шарафли номга сазовор бўлдим, – дейди Муборак тумани 5-ИДУМ битирувчиси Бекзод Иброҳимов. – Биз ёшларни таълим олишимиз учун шундай имконият ва имтиёзларни яратиб берган Президентимиздан миннатдорман.
Шу куни тадбирда спорт ва турли танловларда ғолибликни қўлга киритган университет талабалари ҳам пул мукофотлари ҳамда ноутбук билан тақдирланди. Шунингдек, уларнинг ота-оналари ва яқинларига университет раҳбарияти томонидан ташаккурномалар топширилди.
Ўлмас Баротов, ЎзА