Экологик тоза ва тежамкор
Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли туманида муқобил энергия манбалари ва улардан фойдаланиш самараларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли туманида муқобил энергия манбалари ва улардан фойдаланиш самараларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.Фермер хўжаликлари раҳбарлари ва тадбиркорлар иштирок этган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда қуёш, сув, шамол ва бошқа муқобил энергия манбаларидан кенг фойдаланиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ўз самараларини бераётгани таъкидланди.
Иштирокчилар туманда Германия техникавий ҳамкорлик ташкилоти билан ҳамкорликда амалга оширилган брикет ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишди. Шох-шабба, сомон ва ўсимлик япроғидан тайёрланаётган махсус ўтин – брикетдан иссиқхона ва аҳоли турар жойларини иситишда кенг фойдаланилади. Экологик тоза бу маҳсулот тежамкорлиги билан аҳамиятлидир.
– Германиядан келтирилган майдаловчи ва прессловчи ускуналар ёрдамида соатига 80 килограмм брикет тайёрланади, – дейди мазкур лойиҳа координатори Бахтжон Ҳабибуллаев. – Ишлаб чиқарилаётган ўтин иситиш қозонлари учун жуда қулай бўлиб, табиий газ ўрнини бемалол босади. Мазкур ускуналардан фойдаланиш ортиқча билим ва тажриба талаб этмайди. Хизмат кўрсатувчи оператор ўсимлик қолдиқларини махсус камерага ташлаб туради, холос.
Тадбир иштирокчиларига брикет ишлаб чиқариш ва ундан самарали фойдаланиш усуллари ҳақида батафсил маълумот берилди.