8 миллиард 646 миллион сўм моддий зарар ундирилди
Энергия ресурслари, айниқса, табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳамда энергия ўғирликларига қарши курашиш долзарб масалалардан бири бўлиб, бу борада катта ишлар олиб борилмоқда.
Ўтказилган тадбирлар давомида жами 68 та жиноят иши қўзғатилган бўлиб, уларнинг 13 таси табиий газ, 55 таси эса электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ. Тергов натижаларига кўра, 32 нафар хўжалик юритувчи субъектлар мансабдор шахслари ва 23 нафар жисмоний шахслар жиноят кодексининг тегишли моддаларига мувофиқ жиноий жавобгарликка тортилиб, айбдор шахслардан жами 8 миллиард 646 миллион сўм моддий зарар ундирилган.
Мисол учун, Бухоро шаҳар Пиридастгир кўчасида жойлашган кўп қаватли уйнинг ертўласида Ф.Р. ўзбошимчалик билан электр таъминотига уланиб, 2023 йил 18 декабрдан 2024 йил 19 сентябрь кунига қадар “Антиминер” русумли майнинг қурилмаси ва уни совитиш учун мўлжалланган кондиционердан ноқонуний фойдаланган. Бунинг натижасида Бухоро шаҳар электр таъминоти корхонасига 44 миллион 300 минг сўмлик зарар етказилган.
Фуқарога нисбатан жиноят бўйича Бухоро шаҳар суди ҳукм чиқариб, жазо муқаррарлиги таъминланди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири