Шу кунларда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида таэквондо WТ бўйича АҚШ, Саудия Арабистони, Жанубий Корея, Россия, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва мамлакатимизнинг 800 нафардан ортиқ спортчилари иштирокида анъанавий XVI "Bek Mun Chong" халқаро турнири ўтказилмоқда.

Ортда қолган кунларда турли вазн тоифаларида саралаш ва финал жанглари ташкил этилди. Ўтказилган баҳслар сарҳисобига кўра, Жанубий Корея, Қозоғистон ва мамлакатимиз таэквондочилари медаллар жамғариш борасида етакчилик қилмоқда.

XVI "Bek Mun Chong" анъанавий халқаро турнири давомида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети, Жанубий Кореянинг Кюнгдонг, Тэджин университетлари, Пхочхон таэквондо ассоциацияси мутасаддилари, мутахассислари ва мураббийлар иштирокида халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда мамлакатимизда Корея инвестиция маблағлари ҳисобидан қурилиши режалаштирилаётган Таэквондо спорт мажмуаси лойиҳаси, қўшма илмий лойиҳалар юзасидан учрашув ташкил этилди.

Бугун, 28 май куни халқаро турнирнинг сўнгги кунида оғир вазнли спортчилар ўртасида беллашувлар бўлиб ўтади. Шунингдек, жамоавий баҳслар бугунги куннинг асосий дастуридан ўрин олган.
Т.Рўзиев,
ЎзА