735 қарздордан 2,8 миллиард сўм алимент пули ундирилди
Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар бошқармаси ва ҳудудий бўлимларида 24 минг 224 та алимент ундируви билан боғлиқ ижро ҳужжати иш юритувида бўлса, шундан 12 мингдан зиёди алимент пулларини ўз вақтида тўламаётган, мажбурий ижро чоралари қўлланилсагина тўлаётган қарздорлар ҳиссасига тўғри келади.
Бу қарздорлар вақтинча ишсиз бўлиб, вояга етмаган фарзандларини моддий таъминлашдан бўйин товлаб келмоқда. Шундан 135 нафар қарздор қидирувга берилиб, 14 нафари топилган, қолган қарздорларни топиш чоралари кўрилмоқда.
Жорий йилнинг 17 ноябрь кунидан бошланган алимент ундирувларини жадаллаштириш тадбирлари таҳлилига кўра, 9 декабрь кунига қадар ҳудудий бўлимлар томонидан 108 та ажримда бўлган оила тикланишига ҳисса қўшилди.
Қидирувдаги 135 қарздор (яшаш жойи ўзгарган, чет эл давлатларида яшаётган) лардан 14 таси қисқа муддат ичида аниқланиб, туман бўлимларига ҳудуд профилактика инспекторлари томонидан етказилиб, алимент қарздорликларини ундириш чоралари кўрилмоқда.
Вақтинча ишсиз, аниқ иш жойига эга бўлмаган қарздорларни иш билан таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармаси билан ҳамкорликда Меҳнат ярмаркалари ташкил қилинмоқда. Ишсиз қарздорларга иш таклиф қилиниб, ишга жойлаштириш чоралари кўрилмоқда. Натижада қарздор оталарнинг вояга етмаган фарзандлари моддий таъминотини ўз вақтида тўлаб боришига замин яратиляпти.
Жорий йилнинг 17 ноябридан 9 декабрь кунига қадар 735 қарздордан 2 миллиард 833 миллион 194 минг 930 сўм алимент қарздорлиги ундириб берилган. Шундан 6 нафар алиментчи ота олдиндан 5 йиллик алимент пулларини тўлаб берган.
ЎзА