Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
717 метр чуқурликдаги заҳмат (+видео)

“Навоий кон-металлургия комбинати” АЖнинг Марказий кон бошқармаси “Мурунтов” шахтаси ўз фаолиятини 1971 йил 16 мартда Ствол 1-1 да биринчи бурғулаш-портлатиш ишлари билан бошлаган. Йиллар давомида “Мурунтов” кони тубидаги ер ости сувларини қочириш, фойдали қазилмаларни қазиб олиш, ер ости геология-қидирув ишларини олиб бориш каби вазифаларни бажариб келаётган шахтёрлар ҳар бир иш кунини ғайрат билан бошлашга одатланганлар.

Албатта, ер остида ишлаш, тор йўлакчалар ва ҳаво танқислиги шароитида минерал тошларни майдалаш – бу ҳар ким ҳам бажара оладиган иш эмас. Шахтада ишлайдиган киши жисмонан ва руҳан соғлом, шунингдек, иродали, билим ва матонат эгаси бўлмоғи лозим. “Мурунтов” шахтасида аҳиллик билан меҳнат қилаётган, кон ишида муҳим аҳамият касб этувчи электр таъмирловчилар, кон ишчилари, шунингдек, лаҳм очувчилар, техникаларга хизмат кўрсатувчилар, машинистлар танлаган касблари оғир бўлишига қарамай, шу соҳада ишлаётганидан фахрланишади.

Бугунги кунда “Мурунтов”да шахтёрлар 717 метр чуқурликда белгиланган талаблар асосида, махсус техник жиҳозлар ёрдамида меҳнат қилишмоқда.  

[gallery-21301]

- Шахтёрларнинг меҳнат ва дам олиш шароитларини яхшилаш масаласи доимо раҳбарият эътиборида, - дейди “Мурунтов” шахтаси бошлиғи Ғулом Турсунов. - Кончилик, шахта ички транспорти, механик таъмирлаш ва чангни шамоллатиш каби участкаларни ўз ичига олган “Мурунтов” шахтасининг 300 нафардан ортиқ матонатли муҳандис-техник ходимлари, шахтёрларнинг заҳматли меҳнати натижасида ҳозирги кунга қадар 161,8 км кон лаҳмлари ўтилди, 1,44 миллион метр куб тоғ жинслари чиқарилди. Истиқболда эса 225 метр сатҳни очиш, стволларни чуқурлаштириш ҳамда фойдали қазилмаларни ер ости усули билан қазиб олиш режалаштирилган.

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/R3FdxFe8lig" title="717 metr chuqurlikdagi zahmat" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Сирож АСЛОНОВ (сурат, видео), ЎзА