Рақамли туризмни ривожлантиришда илғор ахборот технологиялар ва телекоммуникацион тизимлар кенг фойдаланилмоқда.
Бухоронинг етти пир зиёратгоҳи тарихини ўз ичига олган "7 PIR” мобил иловаси ҳам зиёратчи ва сайёҳлар учур махсус яратилган дастурдир.
Дастур ўзбек (лотин ва кирилл), рус, инглиз ва турк тилларида хизмат кўрсатади.
Мобиль илова туманлар тарихи, зиёратгоҳлар, музейлар тарихи, кутубхона ҳамда меҳмонхоналар ва бошқа хизмат кўрсатиш турларининг маълумотлар базасини ўз ичига олган.
Туманлар тарихи бўлимида Бухоро шаҳри, Ғиждувон, Шофиркон, Вобкент, Ромитан ва Когон туманларининг қисқача тарихи билан танишиш мумкин.
Хожагон-нақшбандия тариқатининг пирлари Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Ориф Ревгарий, Хожа Махмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Ромитаний, Бобойи Самосий, Саййид Амир Кулол ва Баҳоуддин Нақшбандларнинг ҳаёти ва маънавий мероси илованинг зиёратгоҳлар қисмида баён этилган.
Ҳар бир зиёратгоҳнинг фотосуратлари бирма бир акс этган.
150 км.лик масофани ташкил этувчи 7 пир зиёрати йўналишида икки тарихий музей мавжуд.
Пешкў тумани Афшона қишлоғидаги Ибн Сино меъмориал музейи ҳамда Баҳоуддин Нақшбанд тарихий мажмуасидаги Нақшбандия тариқати музейларидир. Мазкур икки музей ҳақида музейлар қисмида маълумот берилган.
Зиёрат давомида ташриф буюрувчиларга қулай бўлиши учун меҳонхоналар, уларнинг хизмат турлари, темирйўл вокзали, аэропорт, туризм полицияси, улар билан боғланиш манзиллари, масжидлар, овқатланиш, банк, дорихона, шифохона, ёқилғи қуйиш шаҳобчалари, зиёратгоҳ таҳоратхоналарининг аниқ жойлашув координаталари дастурдан ўрин олган.
Мобиль илова дастурида тарихий ёдгорликлар, музейларда ўрнатилган QR kod ларни ўқиш имконияти ҳам яратилган.
Зиёратчилар етти пир, нақшбандия тариқати, таълимотнинг асл моҳияти хусусида кўпроқ маълумот олишлари учун кутубхона қисмида ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги китоблар жойлаштирилган.
Мазкур дастурий ишланма Бухоронинг етти пир зиёратгоҳларида зиёрат туризми фаолиятини ривожлантиришга қаратилган бўлиб, зиёратчиларни муқаддас масканларимиз билан таништиради ҳамда зиёратгоҳлар ҳақидаги маълумотларнинг аниқ ва ҳаққонийлигини таъминлайди.
Мобил илова электрон ҳисоблаш машиналари учун яратилган дастур сифатида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги томонидан расмий рўйхатдан ўтказилган.
Мамлакатимизда зиёрат туризмини ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш, миллий туризм соҳасини етарли ахборот билан таъминлаш, халқаро миқёсда мамлакатимизнинг ҳақиқий имижини шакллантиришда инновацион дастурлар катта роль ўйнамоқда.
Шундан келиб чиқиб, келгусида 7 “PIR” дастурини зиёратчи ва сайёҳлар эҳтиёжлари, талаб ва таклифларидан келиб чиқиб ривожлантириш, имкониятларини кенгайтириш режалаштирилган.
Шавкат БОБОЖОНОВ,
"7 PIR” мобиль илова дастури муаллифи,
Ўзбекистон Фанлар Академияси
Тарих институти таянч докторанти