7 миллиард сўмга яқин қарз ундирилди
Сурхондарё вилоятида етказиб берилган электр энергияси ва табиий газ учун ўз вақтида амалга оширилмаган тўловлар давлат ижрочилари аралашуви билан ундирилмоқда.
Фойдаланилган электр энергияси ва табиий газ тўловларидан бўйин товлаётган истеъмолчилар энергия ресурслари тармоғидан ажратилиб, юзага келган қарзларни суд тартибида ундириш чоралари кўрилмоқда.
Жарқўрғон туманидаги “Nortex style” масъулияти чекланган жамияти билан электр таъминоти корхонаси ўртасида ҳам йирик миқдордаги қарздорлик юзага келган. Оқибатда таъминотчи бу масалада суд органларига мурожаат этиб, фойдаланилган электр энергияси учун тўловларни ундириб беришни сўраган. Суд қарори асосида МИБ Жарқўрғон тумани бўлими давлат ижрочилари олиб борган ижро ҳаракатлари чоғида 4 миллиард 200 миллион сўм қарздорлик учун “Nortex style”га тегишли мол-мулкларга нисбатан тақиқ ўрнатилиб, барча ҳисоб рақамларига банд солинди. Шундан сўнг қарздорлик тўлиқ ундирилиб, қарздор жамиятга қўлланилган чеклов чоралари бекор қилинди.
Жорий йилнинг ўтган даврида МИБ вилоят бошқармаси ва унинг қуйи бўлимлари электр энергияси ҳамда табиий газ учун 166 та суд ва бошқа органлар ижро ҳужжатига асосан истеъмолчилардан 7 миллиард сўмга яқин қарзни ундириб берди.
Қарзларни ундириш давом этмоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири