646 минг бизнесдан 344 мингтаси давлат харидлари тизимида рўйхатдан ўтган
Давлат харидлари бозорида рақобат, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун преференциялар ва тадбиркорларни тизимга кенгроқ жалб этиш масалалари иқтисодиёт учун тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Давлат харидлари иштирокчилари уюшмаси раиси, эксперт Анвар Муҳиддинов соҳадаги ўзгаришлар ҳақида куйдагиларни маълум қилди.
— Давлат харидлари — бу шунчаки давлат ташкилотларининг товар ва хизматлар сотиб олиши эмас. Ушбу бозор давлат маблағларидан самарали фойдаланиш, маҳаллий ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш, янги корхоналарни ривожлантириш ва тадбиркорлик субъектлари учун барқарор талаб яратишнинг муҳим воситаларидан бири ҳисобланади. 2026 йилнинг биринчи ярмида давлат харидлари ҳажмининг 188,4 триллион сўмга етгани мазкур бозорнинг иқтисодий кўламини яққол кўрсатади, — дейди Анвар Муҳиддинов. — Шундан қарийб 113 триллион сўми рақобатли харидлар ҳиссасига тўғри келиб, натижада давлат маблағларидан 7,8 триллион сўм тежалган.
Бу рақамлар бир томондан давлат харидларида рақобатнинг иқтисодий самарасини кўрсатса, иккинчи томондан тадбиркорлар учун қанчалик катта бозор мавжудлигини англатади. Энг қизиқ жиҳат шундаки, мамлакатдаги барча бизнес субъектлари давлат харидлари бозорида бирдек фаол эмас. Мавжуд маълумотларга кўра, Ўзбекистонда фаолият юритаётган 646 мингта бизнес субъектининг 344 мингтаси давлат харидларининг электрон тизимларида рўйхатдан ўтган. Бироқ амалда харидларда иштирок этаётган субъектлар сони 126 мингта, шартнома тузишга эришаётганлар эса бор-йўғи 36 мингтани ташкил этади.
Демак, давлат харидлари тизимида рўйхатдан ўтишнинг ўзи ҳали бизнеснинг реал иштирокини англатмайди. Рўйхатдан ўтган ҳар икки тадбиркордан бири ҳам амалда харид жараёнларида иштирок этмаяпти. Бу ҳолат бир нечта саволни ўртага ташлайди: тадбиркорлар электрон платформалардан фойдаланишни етарлича билмаяптими? Харид ҳужжатларидаги талаблар улар учун мураккабми? Ёки давлат буюртмачилари қўяётган шартлар кичик ва ўрта бизнес имкониятларига мос эмасми?
Шу нуқтаи назардан, давлат харидларидаги кейинги ислоҳотларнинг асосий вазифаларидан бири фақат рўйхатдан ўтган субъектлар сонини эмас, реал рақобатчилар ва шартнома тузувчи маҳаллий корхоналар сонини кўпайтириш бўлиши керак. 2026 йилда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган механизмлар ҳам кенгаймоқда.
Эксперт маълумотларига кўра, 2026 йил 4 февралдаги ПФ-17-сонли фармон доирасида маҳаллий компаниялар учун айрим ҳолатларда 8 фоиздан 15 фоизгача нарх устунлиги назарда тутилган. Бу механизмнинг иқтисодий аҳамияти шундаки, маҳаллий ишлаб чиқарувчи хорижий етказиб берувчи билан рақобатлашганда унинг маҳсулоти учун қўшимча имконият пайдо бўлади. Шунингдек, юқори ва ўрта барқарорлик рейтингига эга ишлаб чиқарувчилар учун электрон савдо майдончаларида воситачилик йиғимларига 50 фоизлик чегирма, маҳаллий компаниялар учун алоҳида аукционлар ва локализация даражаси 30 фоиздан юқори бўлган маҳсулотлар бўйича аванс тўловларига оид енгилликлар жорий этилмоқда.
Иқтисодий нуқтаи назардан қараганда, бундай преференциялар қисқа муддатда маҳаллий корхоналарнинг давлат буюртмаларидаги улушини ошириши мумкин. Бироқ узоқ муддатли самара преференциянинг ўзига эмас, балки корхоналарнинг маҳсулот сифати, таннархи ва рақобатбардошлигини оширишга боғлиқ бўлади.
Давлат харидлари тизимидаги яна бир муҳим йўналиш — тадбиркорлар билан бевосита мулоқот. Эксперт келтирган маълумотларга кўра, «Очиқ мулоқотлар» доирасида мамлакатнинг 208 та туман ва шаҳрида ишлаб чиқарувчилар билан учрашувлар ташкил этилган. Уларда 2 710 нафар тадбиркор иштирок этган. Тадбиркорлар томонидан кўтарилган муаммоларнинг бир қисми жойида ҳал этилган, қолган масалалар бўйича назорат ўрнатилган.
Бундай ёндашувнинг аҳамияти шундаки, марказда қабул қилинган қарорлар ҳудудлардаги реал бизнес муҳити билан солиштирилади. Масалан, тендерда иштирок этишдаги техник талаб, ҳужжатларни расмийлаштириш, тўловларнинг кечикиши ёки сертификатлашдаги ортиқча талаблар кичик корхона учун катта тўсиқ бўлиши мумкин.
Давлат харидларида 344 мингта бизнеснинг рўйхатдан ўтгани ижобий кўрсаткич. Аммо улардан фақат 126 мингтасининг амалда иштирок этиши ва 36 мингтасининг шартнома тузиши тизимда ҳали катта «конверсия захираси» борлигини кўрсатади. Яъни, муаммо фақат тадбиркорни электрон платформага олиб киришда эмас. Унинг харидни топиши, талабларни тушуниши, рақобатга киришиши, ғолиб бўлиши ва якунда шартнома бўйича тўловни ўз вақтида олиши муҳим. Шу боис электрон платформаларни такомиллаштириш билан бир қаторда тадбиркорларнинг рақамли ва молиявий саводхонлигини ошириш, харид шартларини соддалаштириш ҳамда давлат буюртмачилари масъулиятини кучайтириш зарур.
Давлат харидларида шартнома тузишнинг ўзи бизнес учун якуний мақсад эмас. Асосий масала — шартнома бўйича мажбуриятларни бажаргандан кейин маблағни ўз вақтида олиш. Айниқса, кичик ва ўрта бизнес учун тўловнинг кечикиши айланма маблағлар етишмаслигига, иш ҳақи ва солиқларни ўз вақтида тўлашда қийинчиликларга, ҳатто янги буюртмаларни бажариш имконияти чекланишига олиб келиши мумкин. Шу нуқтаи назардан давлат буюртмачиларининг шартнома шартларига риоя қилиши давлат харидлари тизимининг самарадорлигини баҳолашда асосий мезонлардан бири бўлиши лозим.
Давлат харидларининг яна бир муҳим иқтисодий вазифаси — ички кооперацияни ривожлантириш. Агар йирик давлат корхоналари ва холдинглар маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйса, кичик корхоналар ўз ишлаб чиқариш қувватини кенгайтиришга ишончлироқ қарор қилади. Бунда «буюртмачи — маҳаллий ишлаб чиқарувчи» занжирининг шаклланиши янги иш ўринлари яратилиши, локализация даражаси ошиши ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилишига хизмат қилиши мумкин. Шунинг учун давлат харидларини фақат тежамкорлик нуқтаи назаридан эмас, саноат сиёсати ва иқтисодий ўсиш воситаси сифатида баҳолаш муҳим.
Хулоса қилиб айтганда, катта бозор, катта масъулият 188,4 триллион сўмлик давлат харидлари бозори тадбиркорлар учун улкан имконият яратади. Аммо бу имкониятдан самарали фойдаланиш учун электрон тизимда рўйхатдан ўтишнинг ўзи етарли эмас. Энг муҳим вазифа — 344 мингта рўйхатдан ўтган субъектдан 126 мингта амалдаги иштирокчи ва 36 мингта шартнома тузувчи субъект ўртасидаги тафовутни қисқартириш. Бунинг учун давлат харидлари тизими янада очиқ ва тушунарли бўлиши, кичик ва ўрта бизнес учун кириш тўсиқлари камайтирилиши, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлиги оширилиши ва давлат буюртмачиларининг масъулияти кучайтирилиши зарур. Шунда давлат харидлари фақат бюджет маблағларини сарфлаш механизми эмас, балки маҳаллий бизнесни ривожлантириш, саноат кооперациясини кучайтириш ва янги иқтисодий қиймат яратиш драйверига айланиши мумкин.
Ш.Маматуропова,
ЎзА