Жорий йил 5 июнь куни Президентимизнинг Саудия Арабистонида бўлиб турган муфтий шайх Нуриддин Холиқназар билан ҳаж мавсуми жараёнлари, Макка ва Мадина шаҳарларида зиёратчиларга яратилган шароитлар ва ҳамюртларимиз кайфияти тўғрисида ўтказган суҳбатлари юртимиз мусулмонлари томонидан тарихий воқеа сифатида баҳоланди.
Куни кеча Ўзбекистондан борган 15 минг нафар ҳожиларимиз Ҳаж амалларини адо этиш учун Арафот ҳудудида жамландилар. Шайх Нуриддин Холиқназар Президентимизнинг юртимиз ҳожиларига билдирган эзгу тилакларини барча ватандошларимизга етказди. Ҳожиларимиз бундай юксак эътиборни катта хурсандчилик билан қабул қилдилар ва жонажон Ватанимизнинг тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, Президентимизнинг узоқ йиллар барчамизга бош бўлиб юришларини Аллоҳ таолодан сўраб дуо қилдилар.
Давлатимиз раҳбари томонидан кўрсатилган эътибордан руҳланган ҳожиларимиз Шайх Нуриддин Холиқназар бошчилигида эзгу ташаббус лойиҳасини ишлаб чиқдилар. Унга кўра ўзбекистонлик ҳожилар юртга қайтганларидан кейин “Янги Ўзбекистон фидойиси бўлиб, маънавият тарғиботчисига айланамиз” шиори остида фаолиятни йўлга қўядилар.
Ташаббус доирасида бугунги мураккаб замонда жонажон халқимизни бирлаштириб, она-Ватанимиз тараққиётига холис хизмат қилиш, аҳоли орасида тинчлик-осойишталикка йўналтирилган тарғибот ишларини олиб бориш, шукроналик ҳиссини янада кучайтириш ва дахлдорлик туйғусини оширишга қаратилган тадбирларини ташкил этиш кўзда тутилган.
Шунингдек, ҳожиларимиз маҳаллаларда адашганлар бўлмаслигига эришиш, жамиятда аҳил-иноқликни мустаҳкамлаш, оилалар тотувлигини таъминлаш, ёшларни она-Ватанга садоқатли қилиб тарбиялаш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, муаммоли ва ажрим ёқасидаги оилаларни ислоҳ қилишга қаратилган ишларни ҳам амалга оширадилар.
Лойиҳадан эҳтиёжманд, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга моддий ва маънавий кўмак бериш, хайрия, меҳр-мурувват ва ёрдам кўрсатиш ишларини кўпайтириш, ўз навбатида, турли маросимлар, тўй-маъракаларда дабдабабозлик, исрофгарчиликка йўл қўймасликка йўналтирилган тарғибот тадбирлари ҳам ўрин олган.
Барча ҳожиларимиз юртимизга қайтганларидан сўнг ушбу ташаббусларни қатъий амалга оширишга ўз ҳиссаларини қўшиш ниятида эканликларини билдирдилар.