Мамлакатимизда жорий йилнинг 9 июль куни ўтказиладиган муддатидан олдин Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Хусусан, сайловни ўтказувчи 6-Наманган округ сайлов комиссияси ҳам ўз фаолиятини бошлади.
Округ сайлов комиссиясининг навбатдан ташқари йиғилишида вилоятда сайлов жараёнларига тайёргарлик кўриш ишлари хусусида сўз борди. Марказий сайлов комиссиясининг кенгайтирилган йиғилишида барча ҳудудларнинг, шу жумладан, 6-Наманган округ сайлов комиссияси таркиби кўриб чиқилиб, тасдиқланди.
Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши тавсияси асосида олий маълумотли ҳуқуқшунос, муҳандис, иқтисодчи, педагог, журналист ва бошқа мутахассисликка эга бўлган 15 нафар аъзодан иборат 6-Наманган округ сайлов комиссиясига Наманган давлат университети ректори, профессор Собитхон Турғунов раислик қилади.
Йиғилишда округ сайлов комиссияси иш режасини такомиллаштириш, вазифалар тақсимотини қайта кўриб чиқиш ва матбуот маркази фаолиятини ташкил этиш каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Шу билан бирга сайлов ўтказувчи округ комиссия аъзоларининг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишдаги асосий вазифалари, сайлов стандартларига риоя этган ҳолда, Сайлов кодекси талаблари асосида уюшқоқлик билан ташкил этишдаги кўникмаларни ошириш хусусида сўз борди.
Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ ўқув машғулотлари, семинарлар, конференциялар, давра суҳбатлари ўтказилади. 6-Наманган сайлов округи жойлашган Давлатобод туманидаги вилоят маданият маркази биносида барча шароитлар яратилган. Округ сайлов комиссияси раиси ва унинг ўринбосари ҳамда аъзолари учун хоналар, хорижий ва халқаро кузатувчиларга махсус хона, оммавий ахборот воситалари учун мўлжалланган матбуот маркази зарур техника ва жиҳозлар билан таъминланди.
Йиғилишда округ комиссия раиси ўринбосари, котиби ва комиссия аъзолари учун гувоҳномалар топширилди. Шунингдек, округ сайлов комиссияси матбуот маркази ташкил этилди ҳамда унинг раиси, ўринбосари ва аъзолари тасдиқланди.
Оқилхон ДАДАБОЕВ,
ЎзА