Машҳур журналист, тилшунос, ажойиб полиглот, 58 хорижий тилни мукаммал билган Гарольд Вильямс, сухандон, тадбиркор аёл, пиар-маслаҳатчи Кэти Кэмпбелл, Оскар мукофоти совриндори, актёр, режиссёр, продюсер, сценарийнавис Рассел Кроу каби кўплаб машҳур инсонлар етишиб чиққан замин – Янги Зеландия Океаниядаги 1000 дан ортиқ оролдан иборат Полинезиядаги энг йирик давлатдир. Пойтахти – Веллингтон саналмиш мамлакатнинг расмий тиллари инглиз ва маори.
Янги Зеландия – Буюк Британия бошчилигидаги Ҳамдўстлик таркибига кирувчи парламентар монархия. Қонун чиқарувчи ҳокимият фаолиятини бир палатали парламент – вакиллар палатаси, ижрочи ҳокимият ишини эса генерал-губернатор томонидан тайинланадиган Бош Вазир бошчилигидаги ҳукумат амалга оширади.
Аҳолисининг аксарияти маҳаллий инглизлар ва маорилар (15 фоиз). Мамлакатда полинезияликлар, инглиз, шотланд, ирланд, хитой, ҳинд ва бошқа халклар ҳам яшайди.
Янги Зеландияга дастлаб X-XIV асрларда маорилар келиб жойлашган, европаликлардан биринчи бўлиб 1642 йил голландиялик денгизчи Абель Янсзон Тасман борган. 1769-70 йилларда инглиз денгизчи-сайёҳи Жеймс Кук оролларни тадқиқ қилган. XIX аср бошида ушбу ҳуддадда европаликларнинг дастлабки аҳоли манзиллари пайдо бўлган. Улар ўша пайтдан бошлаб маориларга тегишли ерларни босиб ола бошлаган. 1840 йил илк инглиз мухожирлари Веллингтон шаҳрини барпо этади ва шу тариқа Англия Янги Зеландияни ўз мустамлакасига айлантиради. 1843 йил маорилар инглизларга қарши қуролли қўзғолон кўтаради. 1872 йилга келиб, қаршилик тўлиқ бостирилади. 1907 йил Янги Зеландия доминион мақомини олади.
Биринчи жаҳон уруши (1914-1918 йиллар) даврида Буюк Британия томонида турган Янги Зеландия урушдан сўнг Германиянинг собиқ мустамлакалари – Ғарбий Самоа ва Науруни Англия ва Австралия билан бирга бошқариш учун мандат олди.
1926 йилда ўтказилган империя конференцияси ва 1931 йилги Вестминстер статути билан тасдиқланган қарорлар асосида Янги Зеландия ташқи ва ички сиёсатда тўла мустақилликка эга бўлади. Афсуски, Иккинчи жаҳон уруши (1939-1945 йиллар)гача Буюк Британия Янги Зеландиянинг ҳар қандай ташқи алоқасини назорат қилиб турган. Урушда Янги Зеландия аксил фашист коалиция томонида бўлди.
1930-йиллардан бошлаб ҳокимиятни навбатма-навбат миллий партия ва Лейбористлар эгаллаб келмоқда.
Янги Зеландия 1945 йилдан БМТ аъзоси.
Қишлоқ хўжалиги юксак даражада ривожланган индустриал-аграр бу мамлакат ялпи ички маҳсулотида қишлоқ хўжалиги 9, саноат 25, хизмат кўрсатиш тармоғи 66 фоизни ташкил этади.
Қишлоқ хўжалигининг асоси – сут, гўшт ва гўшт-жун чорвачилиги. Сариёғ, гўшт, жун ва пишлоқ экспорти бўйича мамлакат дунё етакчилари сафида тилга олинади.
Ем-хашак, буғдой, арпа, сули, дуккакли дон экинлари, сабзавот кўп экилади. Мева, жумладан киви етиштирилади. Боғдорчилик (цитрус мева, олма, нок, шафтоли, гилос) токчилик ривожланган. Балиқ ва кит овланади. Озиқ-овқат ва енгил саноат тараққий этган. Қора ва рангли металлургия, машинасозлик, ёғочсозлик ва целлюлоза-қоғоз, кимё-тўқимачилик саноати корхоналари мавжуд.
Алюминий, пластмасса, ўғит, цемент, чинни заводлари бор. Кон саноатида табиий газ, темир рудаси, мис, қўрғошин, рух, олтин, кумуш, қўнғир ва тош кўмир, титан-магнетит қуми қазиб олинади.
Транспорт тизимида денгиз транспорти етакчи. Йирик портлари – Веллингтон, Окленд, Литтелтон. Темир йўл тармоғи 3,9 минг км, автомобиль йўллари узунлиги 92 минг км. Веллингтонда халқаро аэропорт бор.
Ташқи савдода Япония, АҚШ, Буюк Британия, Австралия, Жанубий Корея, Хитой билан фаол ҳамкорлик қилади.
Пул бирлиги – Янги Зеландия доллари.
Янги Зеландияда таълим 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган болалар учун мажбурий ва бепул. Давлат мактаблари билан бирга хусусий мактаблар ҳам фаолият кўрсатади. Ўқиш муддати бошланғич таълимда 6 йил, оралиқ мактабда 2 йил, 8 йиллик мактаб (бошланғич ва оралиқ)дан кейинги босқич ўрта мактаб (ўқиш муддати 3 йил). Коллеж ва олий ўқув юртларида ўқиш пулли. Мамлакатда бир қатор университетлар, техника институтлари бор.
Янги Зеландия радиоси 1936 йил, телевидениеси 1960 йил ташкил этилган.
Бир неча газета ва журнал нашр этилади. “Отаго провинцияси кундалик вақти” (Otago Daily Times, 1861 й.), “Матбуот” (Press, 1861), “Янги Зеландия хабарчиси” (New Zealand Herald, 1863), “Кечки почта” (Evening Post, 1865), “Янги ҳақиқат” (New truth, 1904), “Доминион” (1907) каби кундалик газеталар мамлакат аҳолисини сўнгги янгиликлар билан таништириб боради. Мамлакатда ҳафталик ва ойда бир нашр этиладиган оммабоп журналлардан ташқари интернет нашрлари ҳам ривожланмоқда.
1879 йилдан 2011 йилгача фаолият олиб борган Янги Зеландия матбуот уюшмаси (New Zealand Press Association NZPA) барча ОАВга миллий ва халқаро янгиликларни тақдим этган. 2011 йил 1 сентябрдан NZPA учта янги хизмат билан алмаштирилди, Австралияга тегишли медиа компания, Австралия матбуот бирлашмаси ҳамда Янги Зеландия янгиликлар компанияси. Ушбу муассасалар 50 дан зиёд газета ва веб-сайтлар учун контент яратади, барча мустақил нашрлар билан ишлайди. Халқаро майдонда янгиликларни тезкор ва шаффоф узатишда фаол.
Мамлакатдаги энг йирик ахборот агентлиги 1879 йил Бирлашган матбуот уюшма (United Press Association)си сифатида ташкил этилган ва 1942 йилда Янги Зеландия матбуот ассоциациясига айлантирилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини 1992 йил 19 мартда тан олган Янги Зеландия билан дипломатия муносабати ўрнатилган.
Муҳаррама Пирматова,
ЎзА