55 миллион сўм тадбиркорга ундириб берилди
Фуқаролик кодексининг 237-моддасида мажбуриятни бажаришдан бир томонлама бош тортиш ва шартнома шартларини бир томонлама ўзгартиришга йўл қўйилмайди, деб белгилаб қўйилган.
Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи “Зафар” МЧЖ (номи ўзгартирилган) раҳбари Навоий шаҳар ҳокимлиги буюртмасига асосан етказиб берилган маҳсулотлар учун тўловлар тўлаб берилмаётганидан норози бўлиб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.
Аниқланишича, “Зафар” МЧЖ ва шаҳар ҳокимлиги ўртасида 2022 йил 21 июлда Навоий шаҳрида бўлиб ўтадиган байрам тадбирида мушакбозлик хизматини кўрсатиш тўғрисида шартнома тузилган.
Мазкур шартномага мувофиқ, байрам тадбирида белгиланган тартибда умумий қиймати 55 миллион сўмлик мушакбозлик хизмати кўрсатилган.
Шартноманинг предметига кўра, пудратчи бўлиб ўтадиган байрам тадбирида мушакбозлик хизматини кўрсатиш, буюртмачи кўрсатилган хизматлар ҳақини тўлаш мажбуриятини олган.
Шартноманинг 3,3-бандида бажарувчи томонидан иш бажарилгандан сўнг буюртмачи шартнома умумий суммасининг 100 фоизини 5 банк иш кунида тўлаб бериши белгиланган.
Иш бажарувчи томонидан шартномада белгиланган хизматлар тўлиқ бажарилиб, бу ҳақда ҳисоб-фактура маълумотномаси тарафлар томонидан тасдиқланган.
МЧЖ томонидан 2023 йил 22 февралда кўрсатилган хизматлар учун тўловларни амалга ошириш юзасидан Навоий шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилинган.
Ўрганиш давомида бугунги кунга қадар қарздорлик қоплаб берилмагани, топширилган маҳсулотлар бўйича тузилган шартнома Ғазначилик бўлимидан рўйхатдан ўтказилмаганлиги аниқланди.
Шу боис Бизнес-омбудсман томонидан Кармана туманлараро иқтисодий судига жамият манфаатини кўзлаб, даъво аризаси киритилди. Натижада суднинг ҳал қилув қарори билан “Зафар” МЧЖ фойдасига Навоий шаҳар ҳокимлигидан 55 миллион сўм ундириш белгиланди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири