Тиббиёт хабарлари
2024-2025 ўқув йилидан бошлаб Самарқанд давлат тиббиёт университети ҳамда Россиянинг И.Мечников номидаги Шимолий-ғарбий давлат тиббиёт университети ҳамкорлигида 50 дан ортиқ йўналишларда қўшма таълим дастури асосида клиник ординаторлар тайёрланади. Иккала олий таълим муассасалари ректорлари учрашувида бу ҳақда келишиб олинди.
Шунингдек, талабалар ва профессор-ўқитувчилар билан академик мобиллик дастурини кучайтириш ва бу орқали тиббий таълим даражасини жаҳоннинг етакчи олийгоҳларига тенглаштириш масалалари муҳокама қилинди.

И.Мечников номидаги Шимолий-ғарбий давлат тиббиёт университети етакчи тиббиёт олийгоҳларидан ҳисобланади. 1885 йилдан буён таълим жараёнини ташкил этиш ва хорижий давлатлар тиббиёт олийгоҳлари билан ҳамкорликда халқаро лойиҳаларни амалга ошириш борасида дунёнинг нуфузли рейтингларидан жой олиб келмоқда. Хусусан университет бугунги кунгача жаҳоннинг 70 дан ортиқ давлатларидаги тиббиёт муассасалари билан ҳамкорлик ўрнатган.
– Университетларимиз ўртасида йўлга қўйилган мазкур ҳамкорлик алоқалари ҳам юксак самара бериб, талабаларимиз учун жаҳон миқёсига чиқишга замин яратилади, – деди Самарқанд давлат тиббиёт университети ректори Жасур Ризаев. – Шунингдек, Туркиянинг Отатурк университети билан ҳам ҳамкорликни йўлга қўйдик. Университет делегациясининг муассасамизга ташрифи мобайнида шунга келишиб олдик. Отатурк университети Туркиянинг энг қадимги олийгоҳларидан бири бўлиб, 1957 йилда ташкил топган. Жаҳон университетлари рейтингида кучли 500 таликдан, Туркия рейтингларида эса топ 10 таликдан жой эгаллаган. Олийгоҳда 480 мингдан ортиқ талаба таҳсил олиб, дарс жараёнлари жаҳон тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.

Дарҳақиқат, Туркия делегациясининг ташрифидан мақсад икки олий таълим муассасаси ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, амалий тиббиёт ҳамда таълим соҳасида замонавий технология ва усуллардан фойдаланган ҳолда биргаликдаги лойиҳаларни амалга оширишдан иборат бўлиб, учрашув давомида бир қатор келишувларга эришилди.
Жумладан, келгусида иккала университет ўртасида спорт тиббиёти ҳамда трансплантология йўналишларида кадрлар тайёрлаш, малака ошириш ва илмий изланишларни олиб бориш борасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда академик мобилликни амалга ошириш бўйича меморандум имзоланди. Меморандумда шунингдек, келгусида СамДТУ қошидаги 3 та илмий-амалий марказ ва 1 та илмий тадқиқот институтининг Отатурк университети клиникалари билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш ҳам кўзда тутилди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА