Сурхондарё вилоят Туризм, Ахборот ва оммавий коммуникациялар ҳамда Маданий мерос бошқармалари ҳамкорлигида Бойсун туманидаги “Хўжамайхона” дарасига пресс-тур ташкил этилди.

Тоғли тумандаги оспонўпар қоялар қўйнидаги “Хўжамайхона” дараси маҳаллий ва хорижлик сайёҳларни гўзал табиат манзаралари, соя–салқин сойлари, шифобахш суви билан ўзига мафтун этмоқда. Айниқса, баҳор, ёз ва куз ойларида сўлим бу гўша табиатсевар сайёҳлар билан гавжум бўлади.

Мамлакатимизда туризмни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор бу ҳудуднинг сайёҳлик салоҳиятидан оқилона фойдаланиш учун қулай имконият яратди. Дара йўлларига асфальт ётқизилиб, транспорт қатнови учун етарли шароит барпо этилди. Йўл бўйларида хизматлар кўрсатиш шохобчалари ишга туширилмоқда.  

Журналист ва блогерлар даранинг Темир дарвоза маҳалласи ҳудудидаги сув тегирмони ва нонвойхонада бўлиб, ун тайёрлаш ҳамда тандирда лалми буғдойнинг тегирмон унидан нон пишириш жараёнларини кузатди. Табиий хамиртурушдан тайёрланган тегирмон уни нонини татиб кўрди. Унинг фойдали хусусиятлари билан қизиқди.  

–Кексаларимиздан сув тегирмоннинг унидан тайёрланган нон ошқозон ва ичак касалликларига шифо бўлишини эшитганман,–дейди тегирмончи ва нонвой Чоршанби Мажидов.– Ошқозонга ботмайди, тез ҳазм бўлади. Афсуски, тегирмонлар йўқолиб, бу касб эгалари ҳам ноёб бўлиб қолди. Бу тегирмонни отам Зайниддин Мажидов кўп йиллар ишлатди. Уни ишлатиш сирларини отамдан ўрганганман. Ўтган замонда отамнинг оналари Ойнахол момо ҳам тегирмончи бўлиб, нон танқис бўлган оғир йилларда фарзандларини шу касб орқали ризқлантирган экан. Мен ишлатаётган тегирмоннинг барпо этилганига ҳам ўттиз йилдан ошди. Эскириб, бир муддат ишламай қолгач, уни қайта таъмирладим. Тошларини алмаштирдим. Ҳозир бир соатда 50 килограмм буғдойни майдалаб, ун чиқариб беради. Ўтган йили тандир ўрнатиб, нон пишириб, сотишни ҳам йўлга қўйдик. Дарадан ўтган киши борки, тандирдан узилган иссиққина нонимизни харид қилади. Бир тишлам егач, таъми оғзида қолганини айтиб, уни тайёрлаш ва пишириш усуллари билан қизиқиб қолади.

Журналист ва блогерлар дарадаги тандир гўшти тайёрланадиган ошхонада ҳам бўлди. Бу ерда Рўзимурод Сафарқулов меҳмонларга тандир кабоб тайёрлаш сирларини кўрсатди. Тоғ гиёҳлари билан озиқланган қўй гўштининг шифобахшлиги ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.  

Дарага йўли тушган инсон борки, агар эшитган бўлса бу ердаги ёнарбулоққа албатта бир тўхтаб ўтади. Йўлнинг ўнг тарафидаги мўъжизакор сув ҳар қандай кишини ҳайратга солади. Баланд қояларнинг шундоқ тагида сизиб турган булоқ сувига гугурт чақсангиз, аланга олиб, булоқ суви ёнади. Афсуски, бу сафар пресс-тур иштирокчиларининг омади чопмади. Куз шамоли сувнинг ёниб туришига йўл қўймади. Шунча гугурт чақишмасин сув бир оловланиб, шамол таъсирида яна ўчиб қолаверди.  

“Хўжамайхона” шифобахш булоқ суви табиий минералларга бойлиги билан шуҳрат қозонган. Зилол сув юрак, қон-томир, гетатит касаллиги, буйрак ва ўт қопи тошлари, ошқозон яраси касалликларига фойда беради. Булоқдан секундига уч куб сув чиқади. Япон олимлари бу ерда тадқиқот ўтказиб, унинг Осиё қитъасидаги энг тоза, фильтрланган, шифобахш оби-ҳаёт экани, инсон организмига фойдали бўлган темир ва олтин моддалари мавжудлигини аниқлаган.Айни пайтда Бойсун тумани аҳолиси қувурлар орқали ана шу сув билан таъминланган.

Пресс-тур қатнашчилари мазкур ҳудудда ҳам бўлиб, қизиқарли лавҳалар тайёрлашди. “Тангисар” каньонида экстремал тоғ туризми альпиниадасини томоша қилдилар. Ёш альпинистлар, соҳа мутахассислари, хорижлик ва маҳаллий сайёҳлар билан дилдан суҳбатлашди.  

–Бойсун баланд тоғ ва чўққилари, салобатли қоялари, олтин кузнинг гўзал табиати ва димоққа хуш ёқадиган тоза ҳавоси билан бизни мафтун этди, –дейди россиялик сайёҳ Константин Греченко. –Бундай уйғун мафтункорликни дунёнинг бирон жойида кўрмаганман. Одамларнинг самимий ва меҳмондўстлиги, пазандалиги ҳам бизда катта таассурот уйғотмоқда. Мириқиб саёҳат қиладиган, дам оладиган сокин гўшага келганимиздан қувончимиз чексиз.

–Бойсун тоғлари кишига ўзгача ором бахш этиб, руҳингизни тетиклаштиради, –дейди Қизириқ туманидаги 28-мактаб ўқитувчиси Абдурашид Хуррамов. – Шу боис тоғлар қўйнига ҳар мавсумда келиб тураман. Бу сафар икки неварам билан келиб,  альпиниада мусобақасини ҳам томоша қилдик. Дара бўйлаб айландик. Кузги бу саёҳатнинг ўз завқи бор. Тоғ қўйни невараларимга ҳам жуда ёқди.

Журналист ва блогерлар тадбир доирасида экстремал тоғспорт туризми альпиниадаси ғолибларини тақдирлаш маросимида иштирок этиб, ғолиб жамоалар қувончига шерик бўлди. Томошабин ва ўқувчиларга етказиш учун уларнинг дил сўзларини, экстремал тоғ спорт туризмининг гашти ҳақидаги фикрлари ва тоғ қўйнидаги таассуротларини тинглади.

Дунё сайёҳларини ўз бағрига чорлаётган “Хўжамайхона” дарасига уюштирилган пресс-тур иштирокчилар учун унутилмас лаҳзаларга бой бўлди.

Холмўмин Маматрайимов,

 ЎзА мухбири.

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Хўжамайхона” дарасига пресс-тур