Энергетика вазири ўринбосари Акмал Жуманазаров, Чирчиқ шаҳар ҳокими Даврон Ҳидоятов Хитой Халқ Республикасининг “EGING PV Technology Co LTD” вакиллари билан учрашди.
Асосий эътибор ҳудудда энергия тежамкор технологияларни кенг жорий қилиш ва энергия манбаларини ривожлантириш масалаларига қаратилди. Томонлар мазкур лойиҳа бўйича меморандум имзолаш борасида келишиб олди. Шунингдек, бу саъй-ҳаракатлар учун тўғридан тўғри 120 миллион доллар инвестиция киритилиб, Чирчиқ шаҳрига 100 мегаватт қуёш панеллари ўрнатилиши белгиланди.

Маълумки, Президентимизнинг 2023 йил 16 февралдаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорига асосан Чирчиқ шаҳрида қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича жами 482 объектларда қуввати 5,8 мегаватт эга қуёш панелларини ўрнатиш режалаштирилган эди. Бугунги кунда 491 объект 5,46 мегаватт (режага нисбатан 94,1 фоиз) қувватли электр таъминотига эга бўлди. Бу борадаги ишлар ҳали тизимли равишда давом этади.
А.Мусаев, ЎзА