50 нафар битирувчи ўз тадбиркорлигини бошлади
Андижон вилояти Марҳамат туманидаги 45 та умумтаълим мактабини жорий ўқув йилида 2 минг 55 нафар 11-синф ўқувчиси тамомлади.
Ёшлар куни муносабати билан Президентимиз Шавкат Мирзиёев "Талаба ва ёшлар форуми" видеоселектор шаклидаги мулоқотда ўқувчи ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарга ўргатиш, битирувчилар бандлигини таъминлаш юзасидан долзарб ва муҳим масалани илгари сурди.
Давлатимиз раҳбарининг ана шу масаладаги фикрлари асосида Марҳамат туманидаги умумтаълим мактаблари битирувчилари бандлигини таъминлаш бўйича ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.
Туман халқ таълими бўлими томонидан мактаб битирувчилари орасидан ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш, кредит олиш истагини билдирган 11-синф битирувчиларининг рўйхати шакллантирилди. Уларнинг тадбиркорлик кўникмаларини, бу борадаги билим ва тушунчаларини бойитиш мақсадида туманда фаолият олиб бораётган тадбиркорлар, савдо-саноат палатаси, солиқ, банк идоралари мутахассислари иштирокида қатор семинарлар, мулоқот ва давра суҳбатлари ўтказилди.
Битирувчиларнинг қизиқиш, интилиш, қолаверса, имкониятларидан келиб чиқиб, 1-босқичда уларнинг 202 нафари савдо-саноат палатаси Тадбиркорликка кўмаклашиш марказининг платформасига киритилди.Улар тикувчилик, пазандачилик ва IT йўналишлари бўйича курсларда таҳсил олди.
Айни кунга қадар уларнинг 50 нафари кредит ҳисобидан зарур жиҳозлар олиб, ўз тадбиркорлигини бошлаб юборди.
– Мен тикувчилик ҳунарини ўрганганман, – дейди тумандаги 42-умумтаълим мактаби битирувчиси Камола Ибрагимова. – Махсус курсда ўқиб, сертификат олдим. Ажратилган имтиёзли кредит ҳисобидан бир неча тикув машинаси олиб, ўз хонадонимда тадбиркорлик фаолиятимни бошладим. Аёллар, болалар либосларини тикиш орқали даромад топаман, шу билан бирга, “устоз-шогирд” анъанаси асосида ҳунар ўрганиш истагидаги маҳалладош қизларга тикувчилик ҳунарини ўргатаман.
Туманда умумтаълим мактаблари битирувчилари бандлигини таъминлаш, уларнинг ўз ишини йўлга қўйишларига кўмаклашишга қаратилган ишлар давом этмоқда.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА