– Президент Дональд Трамп АҚШга Бразилиядан бораётган барча маҳсулотларга 50 фоизлик бож жорий қилди, – дея хабар тарқатди “Politico” нашри. – Бунга Оқ уй раҳбарининг БРИКС саммитидан норозилиги сабаб.
Америка етакчиси чоршанба куни ижтимоий тармоқ орқали 1 август куни солиқ жорий этилишини маълум қилиб, бу таҳдидни дўсти ва иттифоқчиси, собиқ Президенти Жаир Болсонару учун адолатли кураш сифатида тақдим этди. Бинобарин, тўрт хабардор манбага кўра, ҳал қилувчи омил ҳафта охирида Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган анжумандир.
– БРИКС тарози палласини кўтарди, – дейди Трампнинг Лотин Америкаси бўйича собиқ махсус вакили Маурисио Клавер-Кароне.
Манбаларга кўра, Оқ уй Бразилияни жазолашнинг бошқа усулларига ҳам мурожаат қилиши мумкин. Масалан, санкцияни жуда узоқ давом эттириш ёки ўта мураккаблаштириш.
Аввалроқ АҚШ раҳбари ижтимоий тармоқда БРИКСнинг “аксил америкача” сиёсатини қўллаб-қувватловчи ҳар қандай давлатга қўшимча 10 фоиз бож белгиланишини ёзиб, “Бу сиёсатда ҳеч қандай истисно бўлмайди”, деган.

Ўз навбатида Президент Луис Инасиу Лула да Силва қўшимча тариф воқеасига “Record” ТВ телеканалига берган интервьюсида қуйидагича изоҳ берди:
– АҚШ билан савдо Бразилия ялпи ички маҳсулотининг атиги 1,7 фоизини ташкил қилади. Демак, бу муҳим аҳамиятга эга эмас. Биз шусиз яшай олмайдиган ҳолатдамасмиз. Мамлакатимиз тариф масаласида ўзаро келишув тамойилидан воз кечмайди, бошқа савдо ҳамкорларини қидиришда давом этади. Масалан, мени октябрь ойида бўлиб ўтадиган АСЕАН давлатлари саммитига таклиф қилишди. Тадбирда Осиёнинг иқтисодий жиҳатдан жуда кучли 10 давлати тўпланади. Яъни қитъа давлатлари билан стратегик ҳамкорликни ривожлантириш, бизнес учун янги имкониятлар яратиш мумкин. АҚШ сотиб олишни истамаса, товарларимизни харид қиладиган бошқа шерикларни топамиз.

Луис Инасиу Лула да Силва “Jornal Nacional” нашри мухбирига ярим дунё аҳолиси ва жаҳон ялпи ички маҳсулотининг қарийб 30 фоизини бирлаштирган БРИКС уюшмаси суверенитетга асосланган ва тенг ҳуқуқли ҳамкорликка интилаётган Глобал Жануб мамлакатлари учун жозибадор марказга айланганини таъкидлади. Аъзо мамлакатларга нисбатан санкция мавзусини шарҳларкан, бу давлатларнинг кўпчилиги G20 таркибида АҚШ билан тенг асосда иштирок этаётгани, яқинда бўлиб ўтган G7 йиғилишига Бразилия, Ҳиндистон, Жанубий Африка ва Мексика таклиф қилинганига эътибор қаратди. Шунингдек, у БРИКС саммитида “АҚШни танқид қилгани учун Трамп Бразилияга қарши савдо чораси масаласини қўзғаган бўлиши мумкин” қабилидаги тахминларни инкор этди:
– Бразилия Қўшма Штатларнинг G7 тизимидаги иштироки ёки америкаликлар нима қилаётгани юзасидан ҳеч қачон асабийлашмаган. Ҳар бир давлатда ўзи зарур, деб ҳисоблаган ишни қилишга суверен ҳуқуқ бор.
С.Раҳимов, ЎзА