Термиз шаҳридаги Матбуот уйида Сурхондарё вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар, келгусидаги режалар ва 2022-2023 ўқув йили якунига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда мамлакатимиз таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар чуқур билим ва дунёқарашга эга, маънавий етук, жисмонан соғлом ёш авлодни тарбиялашга хизмат қилаётгани таъкидланди. Бунинг учун соҳага барча замонавий шароит яратилиб, илғор хориж тажрибалари жорий этилаётгани қайд этилди.


– Маълумки, мактабгача таълим – узлуксиз таълим тизимининг пойдевори ҳисобланади, – деди мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Х.Мамадиев. – Жумладан, вилоятда 255 минг 705 нафар 3-7 ёшгача бўлган бола камолга етмоқда. Уларнинг 156 минг 198 нафари воҳадаги 2 минг 489 мактабгача таълим муассасасида тарбияланмоқда. Ёки болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш даражаси 61,1 фоизни ташкил этмоқда. Йилнинг ўтган даврида воҳада 2 минг 700 ўринли 21 давлат мактабгача таълим ташкилоти янгидан иш бошлади. Яна тўрттасида қурилиш ишлари давом этмоқда. 2023 йилга мўлжалланган Инвестиция дастури доирасида 810 ўринли 5 янги мактабгача таълим ташкилоти қурилиб, 860 ўринга эга 16 таси тубдан реконструкция қилинади.
Анжуманда таъкидландики, инсонга эътибор ва сифатли таълим йилида вилоятдаги 6 мактаб тубдан реконструкция қилиниб, 58 таси мукаммал таъмирланмоқда. Маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 287 умумтаълим мактабининг атрофи ўралиб, тартибга келтирилмоқда.
Вилоятдаги умумтаълим мактабларининг сифат кўрсаткичлари таҳлил қилиниб, 602 таси “яшил”, 329 таси “сариқ” ва 17 таси “қизил” тоифаларга ажратилган. Бу йил воҳадаги 965 мактабда 531 минг 644 нафар ўқувчи таълим олиб, фан сирларини чуқур ўрганди. Уларнинг 32 минг 886 нафари мактабларни муваффақиятли якунлаб, мустақил ҳаётга йўлланма олмоқда. Битирувчиларнинг 274 нафари муддатидан илгари нуфузли олий таълим муассасалари талабаси бўлди.


Яқинда Фарғона вилоятида бўлиб ўтган асосий фан олимпиадасининг республика босқичида Термиз шаҳридаги 1-мактаб ўқувчиси Яна Алексеева фахрли биринчи ўринни, тожик тили фани бўйича Сариосиё туманидаги 29-мактаб ўқувчиси Сония Равзатуллоева биринчи, Нозанин Қурбонназарова иккинчи, 12-мактаб ўқувчиси Манижа Муродуллаева учинчи ўринни қўлга киритиб, муносиб рағбатлантирилди. Шунингдек, мазкур фанлар бўйича олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида максимал балл бериладиган имтиёзга эга бўлди. Эндиликда уларнинг устозлари ҳам тегишлича 16 миллион 500, 11 миллион 550 ва 9 миллион 900 минг сўмдан бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланади. Буларнинг барчаси соҳада юз бераётган ўзгариш ва янгиланишларнинг амалдаги самарасидир.
Матбуот анжуманида таълим сифатини янада ошириш, хорижий тил ва касб-ҳунар ўргатиш, ўқувчиларнинг Жаҳон, Осиё, халқаро ва мамлакат миқёсидаги спорт мусобақаларида эришаётган ютуқлари ҳамда келгусидаги режалари ҳақида ҳам атрофлича фикр алмашилди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА