Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 9-Сурхондарё округ сайлов комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Округ комиссияси раиси А.Хўжақулов бошқарган йиғилишда жорий йилнинг 9 июль куни мамлакатимизда ўтказиладиган муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига кўрилаётган тайёргарлик ишлари ва комиссия аъзоларининг вазифалари муҳокама этилди. Марказий сайлов комиссиясининг Тошкент шаҳрида округ комиссиялари раис, ўринбосар ва котиблари иштирокида ўтказилган ўқув семинари мазмун-моҳияти хусусида фикр алмашди. Округ ҳудудида муддатидан илгари сайлов ўтказувчи сайлов участкаларини тузиш масаласи кўриб чиқилди.
Сайлов кодексининг 10-моддасига кўра, сайлов участкалари сайловчиларга мумкин қадар кўпроқ қулайлик яратиш мақсадида туман, шаҳар, шаҳарлардаги туманларнинг чегаралари инобатга олинган ҳолда, ҳарбий қисмларда, санаторийларда, дам олиш уйларида, касалхоналар ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, олис ва бориш қийин бўлган ҳудудлардаги фуқаролар турган жойларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида ҳам сайлов участкалари тузилади.
Йиғилишда маҳаллий ҳокимликлар ва ҳарбий қисмлар тақдимномасига асосан округ ҳудудида 861 та сайлов участкаси тузилди.
– Миллий қонунчилигимизда сайлов участкаларини тузиш тартиби аниқ белгилаб қўйилган, – дейди муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 9-Сурхондарё округ сайлов комиссияси котиби З.Алимардонова. – Шунга кўра, округ комиссиясига тақдим этилган тақдимномалар асосида вилоятда 861 та сайлов участкаси тузишга қарор қилинди. Округ ҳудудидаги сайлов участкаларини тузишда сайловчиларга қулайлик яратишга алоҳида эьтибор қаратилиб, энг замонавий таълим, тиббиёт, маданият, спорт муассасалари, давлатга қарашли корхона, ташкилотлар, тадбиркорлик субьектлари биноларида ташкил этилди. Участкалар рўйхати маҳаллий оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
Йиғилишда округ сайлов комиссиясининг иш режаси тасдиқланиб, комиссия аъзоларининг вазифалари тақсимланди. Округ комиссияси ҳузурида матбуот марказини ташкил этиш масаласи кўриб чиқилди. Комиссия аъзоларига гувоҳномалар топширилди.
Йиғилишда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА