Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Сурхондарё вилояти филиали жорий йилнинг ўтган даврида давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали – vacancy.argos.uz орқали эълон қилган 593 та вакант лавозим танловида 9 минг 580 дан ортиқ номзод иштирок этиш учун ҳужжат топширган.
Ёки бир вакант лавозим ўринга ўртача 16 нафар номзод тўғри келган. Ғолиб бўлган 122 нафар бўлажак давлат хизматчисининг 41 нафари ёки 33,6 фоизини 30 ёшгача бўлганлар, 45 нафари ёки 37 фоизини давлат хизматига илк марта қабул қилинганлар ташкил этди. Танлов ғолибларининг 87 нафари эркак ва 35 нафари хотин-қизлардир.
Термиз шаҳридаги Матбуот уйида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Сурхондарё вилояти филиали ташкил этган матбуот анжуманида шу ҳақида атрофлича маълумот берилди. Марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогерлар иштирок этган анжуманда вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи З.Тўраев, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати бошлиғи Севара Закирова кейинги йилларда мамлакатимизда давлат фуқаролик хизмати соҳасида амалга оширилаётган ягона давлат сиёсати давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг жамият ҳамда фуқаролар олдида масъуллигини ошириб, холислик ва шаффофликни таъминлашда яхши самаралар бераётганини таъкидлади.
Агентликнинг Сурхондарё вилояти филиал раҳбари Шерпўлат Бойқулов давлат фуқаролик хизмати соҳасида амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот берди. Қайд этилдики, агентликнинг вилоят филиали очиқ мустақил танлов ташкил этиш, раҳбар кадрлар захирасини яратиш, ёш раҳбар кадрлар захирасини шакллантириш, туман, шаҳар ҳокимлари ўринбосарлари ва секторлар фаолиятини баҳолаш, давлат фуқаролик хизматчиларининг касбий компетенцияларини ошириш, давлат фуқаролик хизматчилари ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига риоя этилишини ўрганиш, “Келажак лидерлари” клуби аъзолари билан ишлаш каби йўналишларда самарали натижаларга эришди. Жумладан, вилоятдаги 64 та бошқарма, ташкилот ҳамда вилоят, туман, шаҳар ҳокимликларидаги танлов комиссиялари аъзолари учун семинар-тренинг машғулотлари ўтказилиб, уларнинг билим ва кўникмалари оширилди.
Вилоят ҳокимининг ўринбосарлари ва туман, шаҳар ҳокимлари лавозимлари учун кадрлар захирасига 69 нафар номзод рўйхати шакллантирилди. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2022 йил 4 август куни ўтказилган “Давлат хизматини ислоҳ қилиш ва бошқарувда натижадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириққа мувофиқ ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар раҳбарлари хулосаси асосида маҳаллалардаги 58 нафар ҳоким ёрдамчиси, 15 нафар ёшлар етакчиси ва 4 нафар хотин-қизлар фаоли республика бўйича 1000 нафар салоҳиятли кадрлар захирасига киритилиб, раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш юзасидан тегишли ишлар олиб борилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ҳар ярим йиллик ва йил якуни билан воҳадаги туман, шаҳар ҳокими ўринбосарлари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаш йўлга қўйилди. Хусусан, ўтган йил якунига кўра туман, шаҳар ҳокимлари ўринбосарларининг 52 нафари яхши, 36 нафари ўрта ҳамда 1 нафари қониқарсиз кўрсаткични қайд этди. Шунингдек, йил якунлари бўйича вилоят миқёсида “Энг ташаббускор сектор” номинациясида ғолиб бўлган Шўрчи туманидаги иккинчи, Шеробод туманидаги учинчи ва Бойсун туманидаги тўртинчи сектор раҳбарлари моддий рағбатлантирилди.
– Давлат фуқаролик хизмати соҳасида ходимлар саломатлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда, – деди агентликнинг Сурхондарё вилояти филиал раҳбари Шерпўлат Бойқулов. –Масалан, вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтган йили маҳаллий ҳокимликларнинг 354 нафар ходими тиббий кўрикдан ўтказилган бўлса, шу йилнинг ўтган даврида 431 нафари тиббий кўрикка жалб этилди. Уларнинг 141 нафари ёки 32,7 фоизида турли даражадаги касалликлар аниқланиб, амбулатор-поликлиника ва стационар шароитда даволаш чоралари кўрилди.
Анжуманда давлат фуқаролик хизматчиларининг касбий компетенцияларини ошириш, давлат фуқаролик хизматчилари ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига риоя этилишини ўрганиш, “Келажак лидерлари” клуби аъзолари фаолиятини ташкил этиш юзасидан амалга оширилган ишлар ҳақида ҳам атрофлича сўз юритилди. Журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА