48 та махсус планшет ер назоратчи инспекторларга етказилди
Кадастр агентлиги ва Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармасида “Кадастр соҳасидаги ижобий ўзгаришлар: рақамлашаётган кадастр” мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда ер назорати тадбирларини самарали ташкил этишда “Е-YER NAZORAT” автоматлаштирилган ахборот тизимининг аҳамияти хусусида сўз борди.

Қайд этилганидек, Президентимизнинг 2020 йил 7 сентябрдаги “Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлаш ва ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишига йўл қўймасликка қаратилган самарали ер назоратини амалга ошириш мақсадида Кадастр агентлиги томонидан “Е-YER NAZORAT” автоматлаштирилган ахборот тизими ишлаб чиқилди.
Унга кўра, назорат тадбирларини амалга оширишда ортиқча қоғозбозлик ҳамда эҳтимолий коррупцион ҳаракатларнинг олдини олиш, ер қонунбузилиш ҳолатларини аниқлашдан то бартараф этишгача бўлган жараёнларни мониторинг қилиб бориш, ерга оид қонунбузилишлар ва уларнинг бартараф этилиши тўғрисидаги статистик маълумотларни автоматлаштирилган электрон ҳисобини юритиш мумкин.

Шунингдек, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш, ерлардан мақсадсиз фойдаланиш, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ўз муддатида мурожаат қилмаслик ҳолати бўйича манзилли маълумотлар базасини яратиш каби имкониятларни беради.
“Е-YER NAZORAT” ААТ дастури жорий қилиниши натижасида ортиқча қоғозбозликка чек қўйилиб, ҳуқуқбузарликни бартараф этишда муддатлар қисқариши ва ҳужжат алмашиш самарадорлигига эришилди.

Кадастр агентлиги томонидан Тошкент шаҳрида давлат ер назорати тадбирларини амалга оширишга мўлжалланган 48 та махсус планшет ер назоратчи инспекторларга етказилди. Ўз навбатида ушбу мосламалардан тўғри фойдаланиш тартибини ходимларга тушунтириш ва амалиётда қўллашни ўргатиш юзасидан ўқув семинари ҳам ташкил этилди.
Жорий йилнинг 1 март санасидан эътиборан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида синов тариқасида планшетдан фойдаланиб ер қонунбузарлигини жойининг ўзида электрон расмийлаштириш ишлари йўлга қўйилди.
Бугунгача барча ҳужжатлаштириш ишлари қоғозда амалга оширилиб, айрим ҳолларда бу оворагарчиликка сабаб бўлган. Эндиликда эса кадастр инпекторлари мазкур қурилма орқали ер қонунбузарларнинг шахсига аниқлик киритиб, электрон кўринишда маъмурий баённомани ўша жойнинг ўзида расмийлаштириш имконига эга бўлдилар.
Гулноза Бобоева,
ЎзА