Туганмас хазина
Дунё илм-фани ҳамон унинг кашфиётларини ўрганмоқда, тадқиқ этмоқда. Коинот, астрономия, илғор ахборот технологиялари ва бошқа замонавий илм-фандаги кашфиётлар буюк аллома бобомиз Мирзо Улуғбекнинг маънавий мероси, заҳматли изланишларига таянади.
Муҳаммад Тарағай ибн Шоҳруҳ ибн Темур Улуғбек Кўрагоний (1394-1449) – буюк астроном ва математик, ўз даврининг атоқли алломаси, давлат арбоби, Мовароуннаҳрни 1409-1449 йилларда, яъни, қирқ йил давомида бошқарган буюк зот. Болаликдан жуда зукко ва абжир бўлган Мирзо Улуғбек наинки илмий бойлиги, балки одамийлиги, маърифатга интилгани, илм аҳлига чексиз ҳиммати, адолатпешалиги билан ҳам тарихда ном қолдирган.
Улуғбек (Муҳаммад Тарағай) 1394 йил 22 март куни таваллуд топган. Буюк аждодимиз шахсияти, у яшаган ғоят зиддиятли ва қалтис давр, Улуғбек тўплаган бебаҳо ва беқиёс илмий бойлик, олимликни шоҳликдан устун билган закий инсоннинг кечмишлари, кўргуликлари билан наинки бизни, балки дунёни танитишда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубовнинг "Улуғбек хазинаси" романининг аҳамияти ғоят каттадир.
Олтмишдан ортиқ тилларга таржима этилган бу асарнинг яратилиши ҳақида Одил Ёқубовнинг ўғли, иқтисодчи олим, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Искандар ака Ёқубов билан суҳбатлашдик.
- Искандар ака, тарихий асарни яратиш ғоят мураккаб, ўта масъулиятли жараён. Адабий жамоатчилик, умуман, дунё китобхонларига Мирзо Улуғбек бобомиз ҳақида атрофлича маълумот берган "Улуғбек хазинаси" романининг яратилиши тарихи қандай? Ваҳоланки, шўролар даврида халқнинг миллий ўзлигини англашга, миллий уйғонишга чорловчи тарихий асарлар яратилишига ўша давр мафкураси кўп ҳам рағбат билдиравермасди...
- Дарҳақиқат, отамиз, халқимизнинг суюкли адиби Одил Ёқубовнинг "Улуғбек хазинаси" романи дунё халқларининг 60 дан ортиқ тилларига таржима этилган. Ўз даврида мазкур асарга Чингиз Айтматов, Мустай Карим, Давид Қуғултинов, Расул Ҳамзатов, Ўлжас Сулаймонов, Мухтор Шохонов, Валентин Распутин, Виктор Астафьев каби адабиёт дарғалари юксак бахо берганлар. Шу билан бирга ўз даврининг энг ўқимишли нашрлари - "Огонёк", "Литературная газета", "Новый мир", "Дружба народов" каби нашрларда ҳам ушбу роман ҳақида ростгўй фикрлар айтилган Шунингдек, Бўрибой Аҳмедов, Иброҳим Ҳамробоев, Иброҳим Искандеров, Восил Қобулов, Аҳмадали Асқаров,
Раҳим Бекжонов, Пўлат Ҳабибуллаев, Озод Шарафиддинов, Бегали Қосимов, бугунги кунда адабиётимиз равнақига ҳисса қўшаётган ижодкорлар адабиётшунос Наим Каримов, Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров, атоқли олимлар Саидаҳрор Ғуломов, Қаландар Абдураҳмонов ва бошқа яна кўплаб илм-фан, адабиёт дарғалари томонидан илиқ фикрлар билдирилган. Буни қарангки, ҳурматли академикларимиз бу романнинг меҳнатини тўртта-бешта докторлик диссертация иши билан тенглаштирганлар.80-йиллар охири, 90-йиллар боши халқ ҳаёти қийин бўлгани боис Ўзбекистон Фанлар академиясига академикликка сайланишга розилик бермайдилар.
--"Улуғбек хазинаси"нинг яратилишига нима туркти бўлган?
- Отамизнинг хотирлашларича, "Диёнат" романи устида ишлаяпган вақтлари эди. Унинг ярмини ёзиб тугатгач, негадир адибнинг ижодий иши силжимай қолади. Бундай пайтларда одам қандай аҳволга тушишини тасаввур этиш қийин эмас. Шундай нохуш кунларнинг бирида отамиз тунда уйқудан босинқираб уйғонадилар. Улар тушларида "Қачонгача ғафлатда ётасан? Нега ўтган боболаринг ҳақида ёзмайсан? Буни ким, қачон ёзади?" деган қатъий даъватни эшитадилар. Сўнг анча вақтгача бошқача бўлиб юрадилар. Худди шундай кунларнинг бирида "Известия" газетасида ёзувчи ва публицист Ираклий Андронниковнинг Мирзо Улуғбек ҳақида қимматли бир мақоласи чоп этилади. Унда Мирзо Улуғбек бобомизнинг беқиёс кашфиётлари билан бирга расадхонасидаги ноёб кутубхонаси ҳақида ҳам фикр юритилганди. Улуғбекка хиёнат содир этилган ўша мудҳиш кунларда кутубхонадаги нодир китоблар қайсидир ғорга яшириб улгурилгани хусусида айтилганди мақолада. Шуни ўқигач, отамнинг тинчи йўқолади. Адиб маърифат билан жаҳолат ўртасидаги кураш авж олган ўша мураккаб давр билан қизиқа бошлайди.
Тарихий асарлар, академиклар Бартольд, Бертельс асарларини мутолаа қиладилар. Араб тилини ўргандилар. Шу билан бирга Шарқшунослик институтининг фондида сақланаётган манбалар билан батафсил танишдилар. Кўплаб қўлёзмаларни ўқидилар. Домла Мақсуд Шайхзоданинг "Мирзо Улуғбек" драмасини қайта-қайта мутолаа этади. Лекин роман адибга селдек қуйилиб келган экан. Отамиз уни бир ярим йил давомида ёзиб тугатадилар. Кейин тарихчи олимларга (Бўрибой Аҳмедов,Исо Жабборов) ўқитишга берадилар. Қўлёзма билан танишгач, Бўрибой Аҳмедов "Тузук, лекин замон руҳини, ўрта асрга хос тилимизни бера олмабсиз" дейди. Отам жуда хафа бўладилар.Қўлёзмани ташлаб қўядилар. Қайтиб унга қарамайдилар.Ундан кўнгиллари совиб кетади. Орадан бирон йиллар ўтгач, Одил Ёқубов Қуръони Каримни мутолаа қиладилар.Янгича бир руҳ, бошқача куч-ғайрат билан "Улуғбек хазинаси"га қайтадилар.Гарчи асарнинг тузилиши, мазмун-моҳиятини ўзгартирмаган бўлсалар-да, уни тўлиқ қайта ёзиб чиқадилар. Таҳрир ниҳоясига етгач, ўша тарихчи олимга берадилар. У романни ўқиб чиққач, "Бу асар худди мана шу руҳда ёзилиши керак эди!" дейди.
- "Улуғбек хазинаси"нинг бу қадар оммалашуви, турли тилларга таржима қилинишининг, ҳамон китобхонлар томонидан қизиқиб ўқилишининг сабаби нима? Темурийзодалар , жумладан Мирзо Улуғбек хазинаси тақдирига қизиқишми?...
- Аслида темурийлар бойлиги, айниқса Мирзо Улуғбекнинг башариятга, инсониятга қолдирган хазинаси унинг илм-фандаги кўплаб кашфиётларга туртки берган нодир асарлари, шогирди Али Қушчи томонидан сақлаб қолинган, қирқта туяга юк бўлган бебаҳо китобларида мужассам. "Улуғбек хазинаси" китобхонни муайян тарихий даврдаги ўта мураккаб, зиддиятли, қалтис жараёнлар билан таништиради. Шуниндек, унда буюк астроном, математик, файласуф, бир сўз билан айтганда, буюк мутафаккир Улуғбек Мирзонинг мураккаб ҳаёти, оғир кечмиши, ҳануз баҳс ва мунозараларга тўла тақдиридан бохабар этади.
Мирзо Улуғбек ҳақидаги бу асар орқали хориждаги китобхон Ўзбекистонни таниди. Асар асосида ўз вақтида кўп қисмли телеспекталь, бадиий фильм суратга олинган. Улуғбек мероси бугун ҳам унинг "Зижи Кўрагоний" ва бошқа асарлари орқали дунёнинг етакчи илмий марказлари, университетлар, тадқиқот муассасалари томонидан қизғин ўрганилмоқда. Фаннинг энг илғор жабҳаларида қўлланилмоқда. Йирик кашфиётларга замин яратмоқда. Улуғбекнинг илмий-маърифий хазинаси инсониятга маъмурлик, фаровонлик, тараққиёт, енгиллик бахш этмоқда. Ундан бугун ҳам курраи заминимиз баҳраманд бўлмоқда. Бу бойлик йўлчи юлдуздек илм-маърифат йўлини ёритмоқда.
Отам "Тарих бир баҳона. Тарихий асар бугунги кунга хизмат қилмаса, унинг қадри унчалик баланд бўлмайди", дер эдилар. Дарҳақиқат, "Улуғбек хазинаси" бир юмалаб пайдо бўлган асар эмас! Шўро даврида бундай асарларнинг чиқиши жуда қийин кечган. Сабаби одамларда миллий онг, миллий туйғуларнинг уйғонишидан ҳукмрон давр манфаатдор бўлмаган! "Улуғбек хазинаси" садоқат ва хиёнат, эзгулик ва ёвузлик, маърифат ва жаҳолат ўртасидаги муттасил курашдан сўзлайди.
Шукрки, бугун Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ижодкор зиёлиларга ғамхўрлик кўрсатиш, мамлакатимизда миллий тараққиётнинг муҳим пойдевори сифатида илм-фан, адабиёт, маданият ва санъат ривожига катта эътибор қаратилмоқда. Бугун ижод аҳли бадиий пухта асарлар яртатиш йўлида муттасил қўллаб-қувватланмоқда. Буюк аждодларимиз меросига муносабат тубдан ўзгарди. "Ғалаба боғи" ёдгорлик мажмуасидаги "Шон-шараф" музейи, Ёзувчилар уюшмаси қошидаги музейда Одил Ёқубов ҳаёти ва ижодига оид экспозиция ташкил этилди. Гарчи "Улуғбек хазинаси" 60 дан ортиқ тилларига таржима этилган бўлса-да, отамга муаллиф сифатида қалам ҳақининг жуда оз миқдори етиб келган. Лекин нима бўлганида ҳам, "Улуғбек хазинаси" буюк бобомизга ўрнатилган улкан маънавий ҳайкал каби адабиёт мухлислари қалбидан мустаҳкам ўрин олишга муваффақ бўлгани энг катта ютуқ. Бу асар ўзбек адибининг Мирзо Улуғбек закосига чексиз эҳтироми, меҳри ва ҳурматининг ёрқин намунаси бўлиб жаҳон ва миллий адабиётимиз хазинасидан ўрин олди.
- Мазмунли суҳбат учун ташаккур!
ЎзА мухбири Назокат Усмонова суҳбатлашди.