40 йиллик муаммо бўйича судга даъво киритилди
Самарқанд вилоятидаги адлия органлари ходимлари уйма-уй юрган ҳолда аҳолининг ҳуқуқий муаммоларини манзилли тарзда ўрганмоқда.
Вилоят адлия бошқармасининг маълумотларига кўра, шу пайтгача 226 маҳалладаги 1300 дан ортиқ хонадонга кирилиб, 500 дан зиёд ҳуқуқий муаммолар аниқланди. Уларнинг 153 таси ҳал этилди. Бошқа муаммоларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилган. 270 нафар фуқарога ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари тайёрлаб берилиб, жойларда 1600 дан ортиқ сайёр давлат хизматлари кўрсатилди.
Шунингдек, фуқаролар манфаатини кўзлаб, судларга 459 миллион сўмлик даъво аризалари киритилди. Ҳозиргача 20 миллион сўмлик иккита даъво қаноатлантирилди. Киритилган тақдимномалар асосида фуқароларга 276 миллион сўмлик тўловлар ундириб берилиши таъминланди.

Хусусан, Каттақўрғон шаҳар ФҲДЁ бўлими ходимларининг уйма-уй ўрганиши давомида Ермачит маҳалласида яшовчи фуқаро Назира Мўминованинг 1980 йил туғилган ва ўша йили вафот этган фарзандининг ўлими қайд эттирилмагани аниқланди.
– Мазкур муаммо рўйхатга олиниб, судга даъво ариза киритдик, – дейди Каттақўрғон шаҳар ФҲДЁ бўлими мудираси Феруза Камалова. – Шундай ҳолат Зарифобод маҳалласида ҳам кузатилди. Фуқаро Ханифа Кабулованинг 2000 йилда, икки ёшида вафот этган фарзандининг ўлими ҳам белгиланган тартибда қайд этилмаган экан. Ушбу масала ҳам ҳуқуқий ечим топадиган бўлди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА мухбири