4 минг 800 нафар ёш илк бор овоз беради
Тошкент вилояти ҳудудий сайлов комиссияси раиси Улуғбек Тўхтаев иштирокида навбатдаги брифинг ўтказилди. Унда ҳудуд бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловига тайёргарлик кўриш, уни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш бўйича амалга оширилган ишлар хусусида ахборот берилди.
Мазкур сайловнинг мамлакат ҳаётидаги алоҳида ўрнини эътиборга олиб, “Менинг танловим – обод Ватаним” шиори остида ташкил этилди. Ҳудудий сайлов комиссияси томонидан жойлардаги 1 минг 6 та сайлов участкасида барча қулайликлар мавжуд. Участка сайлов комиссиялари аъзоларининг умумий сони – 1 минг 637 нафар. Аъзоларнинг 61 фоизи аёллардир. Имконияти чекланган шахслар эса 45 нафарни ташкил этади.
Сайлов куни жараёнларни онлайн тарзда видео-трансляция қилиш мақсадида тегишли техник талабларга мувофиқ бўлган сайлов участкаларида видеокамералар ўрнатилди. Бу Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот марказидаги экранларида, расмий веб-сайтида ва бошқа телеканалларда овоз беришни кузатиш имконини беради. Сайлов кампаниясида иштирок этишига ижозат берилган бешта сиёсий партия томонидан Тошкент вилояти, туман (шаҳар) Кенгашлар депутатлигига кўрсатилган жами 2 минг 950 нафар номзод рўйхатга олинган.
Депутатликка номзодлар орасида мамлакатимизда яшаётган аксарият миллат ва элатларнинг вакиллари ҳам бор. Масалан, Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутатлигига номзодларнинг 91 нафари тожик, 171 нафари қозоқ, 4 нафари туркман, 11 нафари қирғиз, 59 нафари рус ва бошқа миллатларни ташкил этади.
– Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига кўра, жами овоз берувчиларнинг умумий сони 1 миллион 853 минг 879 нафарни ташкил этмоқда, – дейди Тошкент вилояти ҳудудий сайлов комиссияси раиси Улуғбек Тўхтаев. – Улардан 4 минг 800 нафари илк бор сайловда иштирок этаётган ёшлардир. Муддатидан олдин овоз бериш жорий йилнинг 16 – 23 октябрь кунлари бўлиб ўтди. Вилоятимиз ҳудудидаги сайлов участкаларида 91 минг 932 нафар сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланди.
Брифингда сайлов жараёнларига оид кўплаб ахборотлар ҳам берилди.
А.Мусаев, ЎзА.