4 миллиондан ортиқ адабиётлар рақамлаштирилади
Белгилаб қўйилган қонунчиликка кўра, жорий йил якунига қадар давлат олий таълим муассасалари кутубхона фондидаги ўқув адабиётларининг тўлиқ электрон шаклга ўтказилиши ҳамда вазирлик ҳузурида ягона “Электрон кутубхона” платформасининг ишга туширилиши режалаштирилган.
Пойтахтда Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Раҳимжон Ҳакимов бошчилигида соҳа мутахассислари томонидан тайёрланган “Электрон кутубхона” платформаси лойиҳаси экспертлар иштирокида кенг муҳокама этилди.

Қайд этилишича, мазкур платформани жорий этиш орқали республикамизда барча талабалар, профессор-ўқитувчилар, ишчи-ходимлар ва аҳолига замонавий ҳамда сифатли кутубхона хизматини кўрсатиш имконияти яратилади. Айтиш жоизки, ушбу платформа фойдаланувчиси исталган ҳудуддан туриб барча олийгоҳлар илмий, бадиий адабиётларидан бирдек фойдалана олади. Бу эса илм олиш истагида бўлганларнинг вақт, макон чегарасини бузиб, ўз устида ишлаш, мустақил таълим олиш учун қулайлик яратади. Ҳозирги кунда олий таълим муассасалари ахборот-ресурс марказларининг умумий фонди 4 миллиондан ортиқ адабиётни ташкил этади.
Лойиҳага кўра, дастлаб ушбу платформани 10 та олий таълим муассасасида тест-режимида синовдан ўтказиш режалаштирилган бўлиб, синов якунлари асосида барча олий таълим муассасаларига жорий этиш белгиланган.
ЎзА