Бухоро вилояти Ғиждувон туманида чақалоқ савдосининг олди олинди.
Воқеа аслида қандай содир бўлган эди?
Лазиза турмуш ўртоғи Акмал билан ўзаро оилавий келишмовчилик туфайли уйдан чиқиб кетган. Орадан бироз вақт ўтгач Лазиза ҳомиладор бўлади. У бу хабарни онасига айтади. Онаси Мубина опа қизига уйга қайтишини айтганида Лазиза онасига уйда келин борлиги у билан чиқиша олмаслигини айтади.
Лазизанинг ой-кунида кўзи ёрийди. Касалхонадан қўнғироқ бўлганида Мубина опа зудлик билан шифохонага боради. Шифохонада Мубина Гўзал исмли аёл билан танишиб ҳасратлашади. Суҳбат давомида қизи Лазиза эри билан уришиб уйидан чиқиб кетгани ва бегона кишидан ҳомиладор бўлганини айтади. Энди невараси ва қизини қишлоққа қандай олиб боришини ўйлаётгани, бундай ҳол шармандали эканлиги ҳақида айтиб “дардлашади”. Суҳбат чоғида Мубина Гўзалга ўз рақамини беради. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай Гўзал Мубинага қўнғироқ қилиб бир жияни анчадан бери фарзанд кўрмаётгани ўз неварасини унга бериш ёки бермаслик ҳақида сўрайди. Бу фикр Мубинага ҳам маъқул бўлади. Дилнозага қизининг фуқаролик паспорти ва никоҳ хатини бериб туғилган чақалоқ учун гувоҳнома тайёрлашни, шунингдек, Мубина опа ўзига 4 миллион, қизига 4 миллион сўм беришларини айтади. Бу воқеа ҳақида Мубина қизи Лазизага айтганида у аввал рози бўлмайди. Аммо қилган иши сабаб қишлоққа қайта олмаслигини билгач, боласини сотишга рози бўлади.
Мубина чақалоқни сотиб олмоқчи бўлган аёл Дилноза билан касалхонада учрашади. Шу куни Мубина синглиси Моҳира ва жияни Шоҳрух билан бирга касалхонага боради. Моҳира ва жиянига чақалоқни бир фарзандсиз оилага беряпмиз деб айтади. Дилноза гувоҳномани тайёрлаб олиб келгунга қадар Дилноза билан бирга келган аёлдан Мубина 8 миллион сўм пулларни олади. Улар пулни олиб йўлга чиққанда ИИБ ходимлари томонидан тўхтатилади.
Олиб борилган тезкор тадбир натижасида гувоҳлар иштирокида Мубина ва қизи Лазизанинг ёнидан 4 миллиондан 8 миллион сўм пуллар холислар гувоҳлигида олиниб ҳужжатлаштирилади.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят Процессуал Кодексининг тегишли моддаларига кўра, ушбу жиноятни содир қилган фуқаролар А.М. қизи С.Л.га тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазоси шартли ҳисобланиб, 3 йил синов муддати белгиланди.
Зариф Комилов, ЎзА