Ўзбекистонда барча миллат ва элатларнинг анъанавий маданий меросини қайта тиклаш ва ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айлан
Энг аввало, мамлакатимиз Конституциясининг 4–моддасида Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф–одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлаши, уларнинг ривожланиши учун шароит яратиши қайд этилган. Шунингдек, Бош Қомусимизнинг 18–моддасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқейидан қатъи назар, қонун олдида тенгдир, – деган қоида халқимизга хос бўлган эзгу фазилат бўлган бағрикенгликнинг замонавий сиёсий-ҳуқуқий ифодасидир.
Таъкидлаш жоизки, мустақиллик йилларида мамлакатимизда барча фуқароларнинг маданий ва диний ўзига хослигини таъминлашга, турли-туман маданиятлар ҳамда тилларни сақлаш ва ривожлантиришга қаратилган муҳим қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг маданияти, тили, урф-одат ва анъаналари ҳурмат қилиниши бир қатор қонун ҳужжатларида ҳам акс эттирилган. Масалан, «Таълим тўғрисида» ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4–моддасида ҳар кимга унинг жинси, тили, ёши, ирқий, миллий мансублиги, эътиқоди, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, хизмат тури, ижтимоий мавқейи, турар жойи, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қанча вақт яшаётганлигидан қатъий назар, билим олишда тенг ҳуқуқлар кафолатланиши алоҳида қайд этилган.
Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 28 январь куни қабул қилинган «2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон Республикасининг тараққиёт стратегияси» да бу масалаларнинг алоҳида банд сифатида ўрин олиши, юртимизда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлашга қаратилган ишларни келажакда янаям юксак поғонага кўтарилишидан далолатдир.
Президентимиз ташаббуси билан юртимизда 30 июль –Халқлар Дўстлиги куни деб белгиланди. Бу кунда юртимиздаги барча элат ва миллатлар вакиллари бир-бирларига дўстлик, ҳамжиҳатлик таклиф қилади, ўзаро тинч-тотувлик, яхши қўшничилик ва миллатлараро тотувлик анъаналарини тарғиб этади, умумбашарий қадриятлар улуғланади.
Ўзбекистон Байналмилал марказининг ташкил топганига 25 йил тўлиши муносабати билан Қорақалпоғистонда фаолияти олиб бораётган бир қатор миллий маданий марказ ходимлари давлатимизнинг юксак орден ва медаллари билан тақдирланди. Шулар қаторида, Украин миллий-маданий маркази директори Миронес Олга Артёмовнанинг «Шухрат» медали билан, шунингдек, Туркман миллий-маданий маркази фаоли Аразмухаммед Абаевнинг «Дўстлик» ордени билан, 2021 йилда Қозоқ миллий-маданий маркази раҳбари Ж.Дарменовнинг «Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган маданият ходими» каби давлат мукофоти билан тақдирлангани давлатимизнинг айни соҳада самарали фаолият олиб бораётган ходимларнинг самарали фаолиятига ҳурмат рамзидир.
Бугунги кунда юртимизда 136 миллат, 16 диний конфессия вакиллари ягона¬ оила фарзандларидек яшаб, меҳнат қилмоқда. Улар республикамизнинг барча фуқаролари қатори бир хил ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлиб, қонунларда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатлари тўлиқ таъминланган, таълим олишлари, меҳнат қилишлари учун барча шароитлар яратилган. Умумий ўрта таълим мактабларида ўзбек, қорақалпоқ, рус, қирғиз, туркман, қозоқ, тожик тилларида билим берилаётгани, бир қанча олий ўқув юртларида эса рус, қозоқ, қирғиз ва бошқа тилларда дарс бериладиган бўлимларнинг мавжудлиги, улар учун дарслик ва қўлланмалар мамлакатимизнинг ўзида тайёрланиб, чоп этилаётгани фикримизнинг исботидир.
Бугун юртимизда турли миллат ва элат вакиллари тенг ҳуқуқлилик ҳамда ўзаро ҳамжиҳатлик шароитида яшаб, Ватанимизни янада равнақ топтириш йўлида самарали меҳнат қилмоқда. Бундан ташқари, юртимизда таълим тизими 7 тильда олиб борилади, газета ва журналлар 8 тильда, теледастурлар 11 тильда, радиодастурлар эса 12 тильда тайёрланиб эфирга узатилаётганлиги барча миллат вакилларининг давлат бошқаруви, ижтимоий-иқтисодий ҳамда маданий жараёнларда эркин иштирок этишининг далилидир.
Биз фаолият юритаётган қорақалпоқ диёридаги салкам 90 йиллик тарихга эга бўлган, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтимизда бугунги кунда 16678 нафар талаба таҳсил олмоқда. Таълим 5 та тильда ташкил этилган бу улуғ даргоҳда қорақалпоқ, ўзбек миллатидан ташқари, қозоқ, туркман, рус, корейс, қирғиз, озарбайжон, бошқирд, уйғур ва татар каби жами 11 миллатга мансуб талабалар бир оила фарзандларидек, аҳил ва иноқ таҳсил олмоқда. Нафақат институтда, балки республика миқёсида ўтказилаётган жамоавий тадбирларда иштирок этиб, совринли ютуқларни қўлга киритиб келмоқда. Айни ҳолат ҳам бевосита Мустақиллигимизнинг кўп миллатли халқимизга берган буюк инъомидир.
Тарихдан маълумки, Она-Ватанни севиш, унга меҳр бериш, уни кўз қорачиғидай асраб авайлаш азал-азалдан ота-боболаримиздан бизга мерос бўлиб, қон-қонимизга сингиб кетган муқаддас туйғудир. Шунинг учун ҳам барчамиз учун умумий бўлган афсона ва ривоятлар, эртак ва ҳикоялар, роман ва достонлар қайси тильда ёки қайси миллат вакили қаламига мансуб бўлишидан қатъий назар ўқувчилар уни тушуниб ва севиб ўқийди. Биргина Алпомиш, Қирққиз, ёки Гўрүғли туркумига кирувчи достонларни олайлик. Бу ўлмас асарлар қайси тильда ёзилишидан қатъи назар булар барчамизники, чунки бу асарларда ғоя, мақсад, охирида пировард натижа ҳаммамизни ягона Ватан деган бир нуқтага бирлаштиради. Шунинг учун ҳам мақсад бир, ғоя бир, Ватан танҳодир.
Ҳақиқатдан ҳам ўтган давр мобайнида халқимизнинг бу борада эришган ютуқларига ҳавас қиладиганлар кўп, лекин ҳасад кўзи билан қараб, атайин тинчлик-осойишталигимизга рахна солиш истагидагилар ҳам йўқ эмас. Шундай экан, муҳтарам Президентимиз кўп бор таъкидлаганидек, бу масалада доимо ҳушёр бўлишимиз, юртимиздаги тинчлик ва барқарорликни кўз қорачиғидек сақлашимиз барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.
Қувондиқ ҚОДИРОВ,
Нукус ДПИ Ёшлар масалалари ва
маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА