Юртимизда сўнгги йилларда мўмин-мусулмонларнинг Умра, Ҳаж зиёратларини адо этишлари учун қулай шароитлар ҳозирлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ва Дин ишлари бўйича қўмита мутахассислари бошчилигидаги «Ҳаж – 2022» делегацияси Саудия Арабистонига ташриф буюрди.
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси матбуот хизматининг хабарига кўра, «Ҳаж – 2022» делегацияси вакиллари Мадина шаҳридаги юртимиз зиёратчиларига хизмат қилиши мумкин бўлган 5 юлдузли "Crowne Plaza" ва "Pullman Zamzam" каби энг замонавий меҳмонхоналарни саралаш мақсадида уларни кўздан кечирди.

Шунингдек, делегация аъзолари Мадина шаҳрида ўз ибодатларини адо этаётган ўзбекистонлик зиёратчилар билан мулоқот қилди.
Тақдим этилган маълумотларга кўра, бу йил Мадинаи мунаввара ва Маккаи мукаррамада беш юлдузли ва барча қулайликларга эга бўлган замонавий меҳмонхоналар ўзбекистонлик зиёратчилар учун хизмат кўрсатади.
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси муфтий ҳазратларининг таклифига кўра, ушбу меҳмонхоналар Масжиди Набавий ва Ҳарами шариф ҳисобланган Байтуллоҳга яқин бўлиши инобатга олинган.
Асосий мақсад - зиёратчилар беш маҳал намозларини ушбу табаррук масжидларда адо этиш саодатига эришишлари, муборак сафар давомида роҳат билан ибодат қилишларига қулайлик яратишдир.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА