
Грециянинг Родос шаҳрида шахмат бўйича болалар ва ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг блиц йўналишида ҳам ўзбекистонлик икки нафар иқтидор соҳиби шоҳсупадан жой олди.
Кеча Сурхондарё шахмат мактаби вакили Умида Омонова рапид йўналиши бўйича ўз ёш тоифасида жаҳон чемпиони бўлгани, Тошкент шаҳри вакили Ҳумоюн Бекмуродов эса кумуш медаль соҳибига айлангани ҳақида хабар берган эдик.
Умида Омонова 16 ёшгача қизлар ўртасида блиц йўналишида 8 ғалаба ва 1 дуранг натижа қайд этди ва жаҳон чемпиони бўлди. Ҳумоюн Бекмуродов 12 ёшли болалар ўртасида кумуш медаль билан тақдирланди.
16 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасида блиц йўналишида иштирок этган Олмос Раҳматуллаевга озгина омад етишмади ва у тўртинчи ўринни эгаллади.
Жаҳон чемпионатида дунёнинг 40 давлатидан 330 нафардан ортиқ ёш шахматчи иштирок этди.
Ҳусан КАРВОНЛИ.
ЎзА