
Муборак Ҳайит байрамлари мусулмончиликда энг катта байрам ҳисобланиб, бу кунларда кишилар бир-бирларига шодлик ва хурсандчилик изҳор қиладилар, эсонлик-омонлик тилайдилар, кексалар, беморлар ҳолидан хабар оладилар.
Юртимизда Рамазон ҳайити байрами муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, эҳтиёжманд, ногиронлиги бўлган шахс бор оилалар ҳолидан хабар олинмоқда, кексалар, фахрийлар йўқланмоқда. Бу жараёнларда сиёсий партиялар вакиллари ҳам фаол иштирок этаётир.
Хусусан, “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши раиси ўринбосари Феруза Муҳаммаджонова ҳамда депутатлар Муборак Рамазон кунларида Ўзбекистон Қаҳрамони, таниқли адабиётшунос олим, санъат арбоби, академик Иброҳим Ғафуровнинг хонадонида бўлдилар.
Иброҳим Ғофуров “Миллий тикланиш” демократик партияси ва “Миллий тикланиш” газетаси асосчиларидан бири бўлиб, мамлакатимизда миллий тикланиш ғояларини амалга ошириш, ўзликни англаш ҳамда зиёлиларни қўллаб-қувватлаш масалаларида жонбозлик кўрсатган том маънодаги жамоат арбобидир. 1996-2004-йиллар давомида партиянинг Марказий кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, «Миллий тикланиш» ижтимоий-сиёсий газетасининг бош муҳаррири сифатида фаолият юритган.
Олим ва арбоб, партия фахрийси муборак кунларда бу каби эътибор ва эъзоздан мамнун эканлигини билдириб, юртимизга тинчлик-осойишталик тилаб дуо қилди.
“Адолат” социал демократик партиясининг ҳудудий ташкилотлари ва маҳаллий Кенгашлардаги депутатлари ҳам Рамазон ҳайити муносабати билан қатор саховат тадбирларига бош-қош бўлишмоқда.
Партиянинг Фарғона вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Ш.Эгамов ва халқ депутатлари Қўштепа туман Кенгашидаги депутати А.Аҳмаджонов саховатпеша ватандошларимиз иштирокида хайрия тадбири ташкил этиб, 100 нафар боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд оилаларга озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатдилар. Айрим ижарада турувчи эҳтиёжманд оилаларга бир ойлик ижара маблағлари ёрдам сифатида тўлаб берилди.
Тадбир давомида партия ташкилотига соғлиги туфайли дори-дармонга маблағ сўраб қилинган мурожаатлар бўйича ёрдам кўрсатиш масаласи ҳам муҳокама қилиб олинди.
Хайрия тадбирини амалга оширишда ташаббус кўрсатган "Марғилон саховати" хайрия гуруҳининг бир катор фаоллари ва халқ депутатлари Қўштепа туман Кенгаши халқпарвар депутати А.Аҳмаджонов партия сиёсий Кенгаши раисининг ташаккурномаси билан такдирландилар.
Миробод туманидаги "Шароф Рашидов" маҳалласида «Қадриятларимиз — бебаҳо бойлик» деб номланган тадбир бўлиб ўтди. Унда халқ депутатлари Миробод туман Кенгашидаги ЎзЛиДеП депутатлик гуруҳи аъзоси М.Ортиқова иштирок этиб, маҳалла вакиллари билан биргаликда маҳалла нуронийларининг ҳолидан хабар олдилар. Кексалардан ҳол-аҳвол сўралиб, уларга совғалар топширилди.
М.Комилова, ЎзА