
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева Оққўрғон туманида Нурафшон шаҳар ва Оққўрғон, Ўрта Чирчиқ, Қуйи Чирчиқ туманлари сектор раҳбарлари, ҳоким ўринбосарлари ва маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари билан учрашди.
Унда хотин-қизлар фаоллари томонидан маҳаллаларда ижтимоий кўмакка мухтож аёлларни аниқлаш, уларни касбга, тадбиркорликка йўналтириш, аёлларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги ўрни ва фаоллигини ошириш, муаммоларини ўз вақтида аниқлашга эътибор қаратилди. Бўка, Бекобод туманлари, Бекобод шаҳар мутасадди раҳбарлари билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотда ҳам хотин-қизларнинг таълим ва касбий кўникмалар олиши, муносиб иш топишига ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёш хотин-қизларни аниқлаш ва уларнинг қобилиятини тўғри йўналтириш борасида муҳим вазифалар илгари сурилди.
– Фақат "Аёллар дафтари" ёки "Ёшлар дафтари" даги фуқаролар билан чекланиб қолмай, фаол аёллар билан ҳам ишлашимиз керак, – деди Сенат раиси. – Уларнинг тажрибаларидан фойдаланайлик. Масалан, илмий ишни бошлаб қўйиб, рўзғор ташвишлари сабаб уни охирига етказа олмаётган аёлларимиз бор. Уларга ҳам кўмак қўлларини чўзайлик.
Шундан сўнг ишчи гуруҳ Бекобод шаҳридаги “Пахтакор” МФЙда ташкил этилган “Ногиронлар маркази” фаолияти билан танишди. Марказда касбга ўқитилаётган ногиронлиги бўлган хотин-қизларга сертификатлар топширилди. Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманидан келган 10 нафар нуроний отахон ва онахонлар ҳолидан хабар олинди.
Шаҳардаги “Маданият” ва “Андижон” маҳаллаларидаги хотин-қизлар фаоллари, ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари фаолияти кўздан кечирилди. Сенат раиси эҳтиёжманд оилаларда бўлиб, аёллар билан суҳбатлашди. Уларнинг дарду ташвишлари, орзу-умидлари, фарзандлари таълим-тарбияси билан қизиқди.
Хонадон соҳиблари кўрсатилаётган эътибор учун миннатдорлик билдирди.
А.Мусаев,ЎзА