Экспертлар томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, жаҳонда тахминан 650 миллион нафар одам ногирон.
Бу эса бутун дунёдаги мамлакатлар аҳолиси умумий сонининг 10 фоизга яқинини ташкил қилади. Уларнинг 80 фоиздан кўпроғи ишсизлар, ваҳоланки, 470 миллионга яқини меҳнатга лаёқат ёшида ва оддий ишлаб чиқариш шароитларида ёки ихтисослашган корхоналарда меҳнат қилиш имкониятига эга.
Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларнинг расман эълон қилинган сони аҳолининг 2,1 фоизини ташкил қилади.
Хўш, бугун мамлакатимизда жамиятнинг мазкур эҳтиёжманд қатлами ҳимояси учун қандай ишлар амалга оширилмоқда?
Тадқиқотларга кўра, ногирон болалар ва катталарнинг 25 фоизи зарур тиббий хизматлардан фойдалана олмаган. Ногирон бўлмаганларда эса бу кўрсаткич атиги 10 фоизни ташкил қилади. Тўлов билан боғлиқ қийинчиликлар, қаердан дори олишни билмаслик ва бошқа омиллар туфайли фуқароларнинг ушбу тоифасида шифокорлар томонидан белгиланган дори-дармонларни қабул қилишга бўлган имкониятлари уч баравар кам. Шунингдек, ногиронлиги бўлган одамларнинг иш топиш имконияти ҳам ногиронлиги бўлмаганларга қараганда тахминан тўрт баравар кам.
ЖАМОАТ ТРАНСПОРТЛАРИ НОГИРОНЛИГИ БЎЛГАН ШАХСЛАР УЧУН ҚУЛАЙЛИК БEРМАЙДИ
Пойтахтдаги жамоат транспорти ҳам ногиронлиги бўлган шахслар учун қулайлик мезонларига жавоб бермайди. Бу эса ногиронлиги бўлган шахсларнинг фаровонлиги учун жиддий ижтимоий-иқтисодий оқибатларга эга. Уларнинг эркин ҳаракатланиши ва бошқалар қатори ўз ҳуқуқларини амалга ошириш имкониятларидан маҳрум қилаётган объектив шароитлар мавжуд. Ушбу чекловлар транспорт ва кўчаларда ногиронлар учун махсус техник қурилмаларнинг йўқлиги, шаҳар жамоат бинолари ва иншоотларининг имконияти чекланган инсонлар учун номувофиқлиги, ногиронлар учун таълим муассасаларининг кенг фойдаланиш ва таълим дастурлари сонининг камлигида яққол кўзга ташланади.
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаракатланишини осонлаштирувчи имкониятларнинг камлиги эса ушбу тоифадаги фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилишига олиб келади.
Маълумки, 2021 йил декабрида Ўзбекистон Транспорт вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Тошкент шаҳар транспорти ва транспорт инфратузилмасини 2025 йилгача ривожлантириш концепцияси лойиҳаси эълон қилинган эди. Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси Ўткирбек Холмирзаевнинг таъкидлашича, замонавий шаҳар йўл инфраструктурасида йўллар хавфсиз ва экологик зарарсиз бўлиши керак. Автомобиллар камроқ юриши, пиёдалар, болалар аравачаси, ногиронлар араваси, велосипедлар учун автомобиллар билан тенг миқдорда макон ажратилиши керак. Концепция лойиҳаси эса автомобиль йўлларини боғлаш, автомобиллар учунгина қулай йўллар яратиш (тезроқ ва кўпроқ автомобиль ўтказиш) учун боғламалар қуришни назарда тутади. Яъни, унда эски йўл концепцияси моҳиятан ўзгармаган, автомобилларни кўпроқ ва тезроқ ўтказиш шаҳар йўлларининг асосий мазмуни, деб кўрилган.
Мазкур муаммоларга ечим топиш мақсадида давлатимиз раҳбарининг жорий йил 3 мартдаги «Тошкент шаҳар жамоат транспорти тизимини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида 2022 йил 1 сентябрга қадар савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари мавжуд бўлган амалдаги автобус бекатларида йўловчилар, шу жумладан, аҳолининг имконияти чекланган гуруҳлари учун қулай ва хавфсиз муҳит яратиш чораларини амалга ошириш белгилаб қўйилди.
НОГИРОНЛИК ИШ ҚИЛОЛМАСЛИК ДEГАНИ ЭМАС, МАЗКУР ТУШУНЧАНИ ЛАЁҚАТСИЗЛИККА АСОСЛАШ НОТЎҒРИ ҚАРАШ!
Дилноза Нуриддинова: - 1-гуруҳ ногирониман. Болалигимда оғир касаллик туфайли кўриш қобилиятидан айрилдим. Ҳозир ногиронлик нафақасини оламан. Афсуски, мазкур нафақа тури жуда кам. Мен ҳар ой шифокор назоратида тураман. Соғлигим сабабли турли дори-дармонларни қабул қилишга мажбурман. Олийгоҳда таҳсил олиш ниятим бор. Қўшимча дарсларга қатнайман. Ёшим 20 да. Тўғри, менинг имкониятим айрим масалаларда чекланган. Аммо бу тўлиқ ота-она қарамоғида яшаш, деган тушунчани англатмайди. Эҳтиёжларимни қоплаш учун ўз имкониятимдан келиб чиқиб, иш топиш илинжида баъзи ташкилотларга мурожаат қилиб кўрдим, фойдаси бўлмади.
Биз каби ногиронларга моддий ёрдам турларидан ҳам кўра, ишлаш имконияти берилса, янаям яхши бўларди.
Дилшод Бўриев: - Кўриш қобилиятим жуда пастлиги сабабли 2-гуруҳ ногиронлиги нафақасини оламан. Узоқ йиллардан бери ишсизман. Шифокорлар оғир меҳнатларни тақиқлаб қўйган. Иложсиз, асосан уйда ўтираман.
- Синглимнинг эшитиш ва гапириш қобилияти чекланган эди, - дейди Машҳура Элмуродова. - Онам унга тўқиш ва тикишни ўргатди ва у ўз навбатида ҳунарини бошқа қизларга ўргатишни йўлга қўйди. Ногиронлик нафақаси тайинланган. Аммо ўз имкониятларидан келиб чиқиб, ҳунари орқасидан пул топишни афзал деб билади. Умуман, имконияти чекланганларга ўзларига мос иш билан шуғулланишга шароит яратиш лозим деб ўйлайман.
НОГИРОНЛИГИ БЎЛГАН ШАХСЛАРГА БИР ХИЛ МИҚДОРДА - 622 МИНГ СЎМГА ТEНГ НАФАҚА ТАЙИНЛАБ БОРИЛАДИ
Тараққиёт ҳар қандай жамиятнинг маънавий аҳволи, болалар, қариялар ва ногиронлиги бор кишиларга нисбатан муносабати орқали аниқланади.
Бугунги кунда ишлаб чиқилаётган ҳужжатларда ногиронлик ижтимоий ҳимоя ёки тиббиёт муаммоси эмас, балки инсон ҳуқуқлари муаммоси сифатида таърифланмоқда.
Аввалги тартибда болаликдан ногирон бўлган шахсларга 622 минг сўм, ҳаёти давомида ногирон бўлиб қолган шахсларга 440 минг сўм миқдорида нафақа тўлаб берилган.
Президент томонидан жорий йил 2 февралда қабул қилинган «Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Унга кўра, эндиликда ногирон бўлиб қолиши муддатидан қатъи назар, ногиронлиги бўлган шахсларга 440 000 сўмдан оширилиб, бир хил миқдорда 622 000 сўмга тенг нафақа тайинлаб борилади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 49 минг нафар ногиронлиги бўлган шахслар учун нафақа 41 фоизга ошади. Мазкур чорани амалга оширишга 2022 йилга қўшимча 81 миллиард сўм ажратилади.
Шунингдек, ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига ҳар ойда 500 минг сўм миқдорида нафақа тўлови (парваришлаш нафақаси) жорий этилади. Парваришлаш нафақаси Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталига мурожаат асосида бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан тайинланади ва тўланади.
Фармонга кўра, 2022 йил 1 апрелдан ўзгалар парваришига муҳтож болалар тўғрисидаги, 2022 йил 1 октябрдан ўзгалар парваришига муҳтож болаларнинг қонуний вакиллари тўғрисидаги маълумотлар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига электрон тақдим этиб борилади.
2022 йил октябрдан 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар ва одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касалликка чалинган 18 ёшгача болаларга тўланадиган нафақалар ҳамда парваришлаш нафақаси фуқаролардан қўшимча ҳужжатларни талаб этмаган ҳолда «проактив шакл»да тайинланади. Фармон билан шунингдек, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган 18 ёшгача болаларнинг касалликлари рўйхати (34 та) тасдиқланди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, белгиланган қонунчиликка кўра, ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан ҳар қандай ажратиб қўйиш, истисно этиш, четлатиш, чеклаш ёки афзал кўриш ҳолатлари, ногиронлиги бўлган шахсларнинг объектлар ва хизматлардан фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратишни рад этиш тақиқланади. Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган юридик шахсларга (бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав жамғармасида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар бундан мустасно) ҳар бир ходим учун 6 ой давомида ҳар ой базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баравари кўринишида субсидия берилиши ҳам режалаштирилган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА