Муносабат
Президентимиз Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган тантанали маросимдаги табрик нутқида Наврўз ва ёшлик тушунчалари бир-бирига бағоят яқин ва муштарак эканини алоҳида таъкидлади. Бу гап замирида ёшларга ката ишонч, халқимизга хос бунёдкорлик, яратувчанликка чорлов ишораси бор.
Давлатимиз раҳбари ўз табригида ёшларга мурожаат қилар экан, жумладан, шундай деди: Доимо ёдингизда бўлсин – биз интилаётган юксак марраларга, ҳеч қачон ўз-ўзидан, осонлик билан эришиб бўлмайди. Янги Ўзбекистонни, Учинчи Ренессансни халқимизнинг буюк қудратидан куч олиб, бугунги ва эртанги авлодимиз бунёд этади.
Наврўз – янгиланиш ва яшариш, эзгу ниятлар ва хайрли ишларнинг дебочаси демак. Шу маънода Янги Ўзбекистон ислоҳотлари ва бу заминда камол топаётган ёш авлодга қаратилган юксак эътибор бу кунга ғоят ҳамоҳангдир.
Биз Учинчи Ренессанс ҳодисасига тайёргарлик кўрмоқдамиз. Буни ҳар биримиз ҳис қилиб турибмиз. Ана шу йўлда бу йил миллий тараққиётимизнинг иккинчи босқичи – Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси бошланди. Бунда, энг аввало, «Инсон қадри учун», деган тамойил бош мақсад қилинган.
Гап шу ҳақда борар экан, Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати биз, устоз-мураббийларга ҳам чексиз фахр ва алоҳида масъулият юклаганини айтиш жоиз.
Тан олиб айтиш керак, бугунги таълим тизими ва ёшларга берилаётган кенг кўламли имконият ва имтиёзлар етарли. Фақат улардан ҳар биримиз унумли фойдаланишимиз керак.
Янги Ўзбекистонда ўқитувчи қадри тикланди, моддий таъминотда ҳам сезиларли ўзгаришлар кузатилмоқда. Бу бизга нима берди? Аввало, талабалар ўртасида устозларга бўлган ҳурмат кучайди. Ўзаро ҳурмат бўлган жойда фидойилик бўлади, фидойилик бор бўлса, билимга чанқоқлик ва масъулият кузатилади. Шу маънода бугунги талаба-ёшларимиз қунт билан билим эгаллашга киришган. Зеро, бугунги замон шунчаки дипломли эмас, ўз касбининг устаси, билимли ва салоҳиятли кадрлар давридир.
Президентимиз ана шу жиҳатларни эътиборга олиб, жорий йил 4 март куни ўтказган видеоселектор йиғилишида олий ўқув юртлари талабалари бандлигини таъминлаш бўйича устувор вазифаларни белгилаб берди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда талабалар ишлаши мумкин бўлган 105 мингта вакант иш ўрни мавжуд. Таълим ва хизмат кўрсатиш соҳаларида – 22 мингтадан, саноатда – 17 минг, соғлиқни сақлашда – 9 минг, қурилиш ва қишлоқ хўжалигида – 6 мингтадан, молия соҳасида – 3 минг, алоқа ва IT соҳасида – 2,5 минг иш ўрни бор.
– Мутасаддилар ишлашга эҳтиёжи бор талабаларга ёрдам бериб, уларнинг бандлигини таъминлаши шарт, – деди давлатимиз раҳбари.
Бугунги кунда ана шу топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида бизнинг университетда ҳам алоҳида чора-тадбирлар белгиланиб, ишлар бошлаб юборилди.
Бунда асосий эътибор, университетимизни ҳам бир оила каби тасаввур қилиш, ҳар бир талабанинг имконияти, моддий шароитидан келиб чиқиб, мавжуд муаммоларини ўрганиш, мақсаду муддаоларини, қизиқишларини билишга қаратилган.
Албатта, ишлаш истагида бўлган талабалар кўп. Уларнинг бўш вақти ҳам бор. Шундай экан, бўш вақтини беҳуда сарфлагандан кўра, ишлаб, ҳалол меҳнат қилиб, пул топиш, шу орқали ота-онасининг ҳам оғирини озгина бўлсада енгил қилишга нима етсин.
Бекорчилик доимо ташвиш келтирган. Айниқса, ҳали ҳаётий тажрибаси шаклланмаган, турмуш аччиқ-чучугини тотимаган ёшлар учун бу ката фожиа. Уларни тўғри йўлдан адаштириш ҳам, эзгуликлар сари бошлаш ҳам осон.
Президентимиз «Азиз фарзандларимизнинг бахту иқболини берсин», деб тугатди Наврўз табригини.
Дарҳақиқат, ёшларимизнинг бахту иқболи юртимиз келажаги, фаровон турмушимиз асоси, деганидир. Шу боис, давлатимиз раҳбарининг ёшлар тақдири, бугунги ҳаёти билан қизиқиши замирида ҳам катта ҳаётий эҳтиёж борлигини асло унутмаслигимиз керак.
Бу қутлуғ жараёнда ота-оналар билан биргаликда биз, ўқитувчилар олдида ҳам катта масъулият борки, буни асло унутишга ҳаққимиз йўқ.
Шу ўринда яна бир гап: бу йил Яратганнинг марҳамати билан баҳор серёғин келяпти. Бу қут-барака дегани. Ана шундай қутлуғ кунларда ҳар биримиз яхши ният билан катта мақсадларимизни амалга ошириш учун киришсак, албатта, самараси ҳам бўлади.
Бектош РАҲМАТОВ,
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва
спорт университети Таэквондо, каратэ назарияси ва
услубияти кафедраси мудири вазифасини бажарувчи.
ЎзА