Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги ишчи гуруҳ Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги маҳаллаларда фаолиятини бошлаётган хотин-қизлар фаоллари билан бирма-бир суҳбатлашди.
Учрашувда Оила ва хотин-қизлар Давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи М.Нурматова, Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи З.Миргазиева, туман ҳокими У.Атемов ҳамда сектор раҳбарлари иштирок этди.
Очиқ мулоқотда барча номзодларга аёлларнинг жамиятда ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни барча соҳада қўллаб-қувватлашга доир ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти тушунтирилиб, уларни амалда тадбиқ этиш юзасидан тавсиялар берилди.
Хусусан, хотин-қизларнинг таълим ва касбий кўникмалар олиши, муносиб иш топишига ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёш хотин-қизларни аниқлаш ва уларнинг қобилиятини тўғри йўналтириш борасида муҳим вазифалар айтиб ўтилди.
Ҳудудларда, айниқса, қишлоқларда хотин-қизларга кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш лозимлиги таъкидланди. Жойларда “Аёллар дафтари” билан ишлаш, мутасадди ташкилотлар, секторлар томонидан хотин-қизлар муаммолари ўз вақтида бартараф этилиши устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш хусусида ҳам фикр алмашилди.
А. Мусаев, ЎзА.