Хитойнинг “China Eastern Airlines” авиакомпаниясига қарашли «Boeing-737» йўловчи ташувчи ҳаво кемаси қулаб тушган ерда самолётнинг иккинчи "қора қути"сини топишди. Бу ҳақда мамлакат Марказий телевидениеси маълум қилди.
Аввал хабар қилинганидек, MU5735 рейси билан Куньминдан Гуанжоуга йўл олган лайнер 21 март куни Гуанси-Чжуан автоном тумани Учжоу шаҳар округи Тэн уезди устидан учиб ўтаётганда парчаланиб кетган эди.
2015 йилда фойдаланишга топширилган мазкур ҳаво транспорти воситаси билан юз берган фожиа сабаби ҳали эълон қилингани йўқ. Чоршанба куни ҳодиса жойидан олинган, учувчилар хонасидаги охирги сўзлашувлар ҳақида гувоҳлик берувчи биринчи "қора қути" Пекинга жўнатилган.
Шанба куни ХХР Фуқаро авиацияси бошлиғи ўринбосари Ху Чжэньцзян самолётдаги барча 123 йўловчи ва 9 нафар экипаж аъзоси нобуд бўлган, деб ҳисобанаётгани тўғрисида баёнот берди.