Кадастр агентлиги Андижон вилояти бошқармаси, унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан кадастр соҳасига оид қонун, фармон ва қарорлар ижросини таъминлаш, тизимда олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш, ерларнинг ҳисобини юритиш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Вилоятда ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш, айниқса, қишлоқ хўжалиги ерларидан оқилона ҳамда самарали фойдаланишни тарғиб этишга қаратилган кенг кўламли тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Шунга қарамасдан вилоятда ердан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланмоқда.
Кадастр агентлигининг Андижон вилояти бошқармаси тизимида фаолият кўрсатаётган инспекторлар томонидан ўтказилган хатловлар натижасида жорий йилнинг ўтган даврида 412 та ҳолатда 35,2 гектар ер майдонидан ноқонуний фойдаланилаётганлиги аниқланди. Қайд этилган 35,2 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги таҳлил қилинганда, 5,54 гектар уй-жой, 3,06 гектари нотурар жой, 3,64 гектари балиқ ҳовузи қуриш, 3,81 гектари кўп йиллик дарахтзор барпо этиш ҳамда 19,07 гектари бошқа мақсадлар учун эгалланганлиги маълум бўлди.
Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдонининг 27,2 гектарини экин майдони, 3,1 гектар қисмини аҳоли пунктлари, 0,5 гектарини сув фонди, 3,9 гектарини захира ҳамда 0,5 гектарини саноат, транспорт ва бошқа йўналишлардаги ерлар ташкил этди. Ерга оид қонун бузилиш ҳолатларининг 220 таси ҳудудий кадастр инспекторлари томонидан олиб борилган тушунтириш-тарғибот ишлари натижасида бартараф этилди. Бундан ташқари, 41 та ҳолатдаги ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерларни расмийлаштириш бўйича прокуратурага, 61 та қонун бузилиш ҳолатини бартараф этиш мақсадида суд идораларига даъво аризалари киритилди.
Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси мутасаддиларнинг маълум қилишича, ердан фойдаланиш бўйича ўрганишлар давом этмоқда.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА