340 млн сўмлик олтин савдоси фош этилди
“Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида Навоий шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда ноқонуний олтин савдосига чек қўйилди.
Хусусан, Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида яшовчи, 1987 ва 1993 йилларда туғилган 2 нафар шахс 212,9 гр қуйма олтинни харидорга 340 млн сўмга сотишга келишишади.
Тиллафурушлар мижозга 999 пробали 26,3 гр олтинни берган ҳолда, қолган қисмини кейинроқ етказиб беришларини айтиб, ундан 20 минг АҚШ доллари ва 100 млн сўм олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.
Шунингдек, улардан бири ўз яшаш хонадонида қумдан олтинни ажратиб олишга мўлжалланган яширин цех ташкил қилганлиги ҳам аниқланди.
Ҳозирда уларга нисбатан Жиноят Кодексининг 177-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳурматли фуқаролар, кундалик ҳаётда шу каби қонунбузилиш ҳолатларига дуч келсангиз ДХХнинг 1520 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, хабар беринг. Шахсингизнинг сир сақланиши кафолатланади.