
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилоятининг Поп туманида қурилган йирик қуёш фотоэлектр станциясининг ишга туширилиши минтақа ҳаётида йил воқеаси бўлди.
“Next Solar Energy Group” масъулияти чекланган жамият шаклидаги хорижий корхонаси янги йил арафасида биринчи босқичдаги “Оби-ҳаёт” ҳамда “Сардор” подстанцияларига электр энергияси етказиб беришга киришди. Ҳар икки станция Наманган шаҳри ва етти туманни энергия билан таъминлайди. Яшил энергия ишлаб чиқариш объектининг дастлабки босқичида 150 миллион АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция ўзлаштирилиб, 340 гектар майдонда 200 МВт қувватидаги қуёш панеллари ўрнатилди. Бу билан йил давомида истеъмолчиларга 400 миллион кВт/соат миқдорда экологик жиҳатдан соф электр қувватлар етказиб бериш имконияти яратилди.
– Замонавий фотоэлектр станция тежамкор иш тамойили билан катта аҳамиятга эга, - дейди Поп тумани ҳокими Аъзамжон Султонов. – Унинг фойдаланишга топширилиши натижасида йилига 110 миллион куб метр табиий газ тежалишига эришилади. Атмосферага 120 минг тонна зарарли чиқиндилар чиқишининг олди олинади.
[gallery-21165]
Таъкидлаш керак, ўтган 2024 йилнинг 26 мартида қурилишига старт берилган мазкур станция яқин кунларда битказилиши билан, тўла лойиҳавий қувватга эришади ҳамда йилига 500 МВтга тенг энергия реализация қилади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА