Қадимги ҳарбий анжомлардан бири бўлган дубулға – темир қалпоқ асрлар давомида жангчилар бошини омон сақлаб келган.
Уч минг йиллик тарихга эга ўзбек давлатчилигининг барча босқичларида аждодларимизнинг ҳарбий маҳорати: улар қўллаган ҳарбий тактика ва стратегиялар билан бир қаторда ҳарбий қурол-аслаҳалари ҳам такомиллашиб борган. Ана шундай аслаҳалардан бири бўлган дубулғалар милоддан олдинги даврлардаёқ жангларда аскарларнинг бошини муҳофаза қилиб келган. Ўзбекистон тарихининг энг қадимги ёзма манбаси “Авесто”да ҳам жанговар аскарлар бошида металл дубулғалар бўлгани ҳақида айтилган.
Хитойликлар сўғд темир қалпоғидан андоза олишган
Металлдан ишланган дубулғалар Ўрта Осиёда милоддан аввалги IX–VII асрлардан бошлаб пайдо бўлган. Тиғ ёки ўқдан сақланиш учун темир ё пўлатдан ясалган бундай бош кийим милоддан олдинги VI–IV асрларга келиб такомиллашган. Эрамизгача бўлган V асрда сак қўшинлари таркибидаги суворийлар бронзадан қилинган дубулға кийганлар. Самарканд яқинида ана шундай дубулғанинг бир намунаси тонилган.
Бир қатор ёзма манбаларда милоддан аввалги IV–III асрлардаги Хоразм дубулғалари ҳақида қимматли маълумотлар сақланиб қолган. Кушон дубулғалари бўлакларга бўлиниши, соябони ва қулоқпўши билан ўзидан олдинги дубулғалардан фарқ қилган. Хоразмшоҳларнинг қароргоҳи бўлган Тупроққалъа қасридан топилган ҳайкалда ҳам дубулға тасвирланган.
Муғ қалъасидан топилган суғд ҳужжатларига кўра, милодий VII аср охири – VIII аср бошларида дубулғанинг бозордаги нархи 2 дирҳам бўлган. 718 йилда Хитойнинг Тан сулоласи императори Сюань Цзунга Суғд элчилари томонидан темир дубулға совға қилинган. Бу дубулға манбаларда “иккига бўлинадиган – чокли” деб таърифланган. Мазкур дубулға нусхаси асосида империя ўз қўшинини ана шундай дубулғалар билан таъминлаган.
Соҳибқироннинг Кўксаройида дубулғалар ясалган
X асрнинг иккинчи ярмида яшаган араб географи ва сайёҳи Муқаддасийнинг маълумот беришича, савдо алоқалари натижасида Булғор подшолигидан Хоразмга дубулғалар олиб келинган. XI асрда ҳаёт кечирган туркшунос Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғотит турк”ида дубулға “ашуқ” сўзи билан берилган.
Дубулға кийганда бош оғримаслиги учун уни кийишдан аввал бошга кийилган жун қалпоқ “қадуқ” дейилган.
Амир Темур даврида олд томони икки қош ўртасидан бурун устигача туширилган учи ўткир қулоқчинли дубулғалар кенг тарқалган.
Манбаларда жангу жадал чоғида соҳибқироннинг дубулғаси уни бир неча бор қилич зарбидан сақлаб қолгани ҳақида маълумотлар берилган. Самарқандда жойлашган Кўксарой қасридаги қурол ишлаб чиқариш устахонасида бошқа ҳарбий қурол-аслаҳалар қатори дубулғалар ҳам тайёрланган.
Шу устахонада ясалган дубулғаларни испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихо қуйидагича таърифлаган: “Уларнинг дубулғалари думалоқ ва баланд шаклда бўлиб, баъзиларининг юқорисига қадар юзни тўсадиган олдинги қисмида бурун рўпарасидан иякка қадар кенглиги икки бармоқ келадиган тасма ўтказилган. Кўтариш ва тушириш мумкин бўлган ушбу тасма юзни кўндалангига бўладиган зарбадан сақлаш вазифасини ўтайди”.
Бухоро хонлигининг қўшин тузилиши ва ҳарбий бошқарувини тадқиқ этган тарихчи Акбар Замоновнинг қайд этишича, дубулғалар турли шаклда бўлиб, ичкарисига кигиз қопланган. Уларнинг баъзиларига совут тўри осилган. Юқори табақага мансуб ҳарбийлар – саркардалар оддий аскарларникидан фарқли, учи узун, жездан ясалган дубулғалар – худлар кийиб жангга кирганлар.
Бухорода ишланган олтин ва кумуш суви билан нақш берилган темир дубулғалар бошқа юртларда ҳам машҳур бўлган. 1585 йилда Бухоро хони Абдуллахон II номидан Муҳаммад Али рус подшоси Фёдор Ивановичга бошқа совғалар билан бир қаторда тилла суви юргизилган ва исломий нақшлар билан безатилган пўлат дубулға инъом этган.
Хон хазинасидаги дубулғалар Петербургга олиб кетилган
Тарихчи Акбар Ҳакимовнинг қайд этишича, Ўзбекистон давлат санъат музейида Бухородан топилган XVII аср иккинчи ярмига оид темир дубулға сақланади. Унинг безагида нақш усуллари ва арабий битиклар уйғунлашиб кетган. Тепаси учли, зирҳ тўрли ушбу дубулға бошни икки ён ва орқа томондан ўраб туради. Унга бурун чизиғи бўйлаб ҳаракатланадиган мил ўрнатилган. Дубулға 12 та тенг бешқиррага бўлинган ва улар дубулға учида бирлашади.
Рус элчилари сафида 1820 йилда Бухоро амирлигига келган табиатшунос олим ва топограф Егор Мейендорф ўз асарида амирлик ҳарбий кучлари темир ва ҳўкиз терисидан қилинган дубулға тақиши ҳақида ёзган. 1833–1834 йилларда амирликда бўлган шарқшунос Пётр Демезон эса Бухоро аскарлари жуда оз холлардагина темир дубулға кийишлари ҳақида ёзиб қолдирган.
Тарихчи Баёнийнинг маълумот беришича, Россия империяси 1873 йилда Хивани босиб олган вақтда хон хазинаси билан бирга унда сақланган дубулғалар ҳам Петербургга олиб кетилган. Архив ҳужжатларида 1880 йилда Туркистон генерал-губернатори Константин фон Кауфман томонидан музей учун деган баҳона билан Еттисувдан сотиб олинган, аслида эса ўзига олиб қолинган тилла безакли пўлат дубулға ҳақида маълумот берилган.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ, ЎзА