Кейинги йилларда юртимизда ер ресурсидан оқилона фойдаланиш, муҳофаза қилиш, ер муносабатлари соҳасида қонунийликни таъминлаш, қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, ахборот технологияларини жорий қилиш орқали ер ажратиш тартибининг очиқлиги ва шаффофлиги таъминланмоқда, соҳада бюрократик тўсиқлар бартараф этилмоқда. Шунга қарамасдан, ер ресурсларини талон-торож қилиш, ўзбошимчалик билан эгаллаш ва ноқонуний қурилмалар қуриб олиш ҳолатлари ҳали ҳамон учраб турибди.
Кадастр агентлиги томонидан барча тоифадаги ер участкалари ҳамда бино-иншоотларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, шунингдек, ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши, чегараларининг ўзбошимчалик билан ўзгартирилиши, ерлардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш, бу борада қонун устуворлигини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, Кадастр агентлиги Андижон вилояти бошқармаси ҳамда унинг туман, шаҳар бўлимлари мутахассислари томонидан ўтказилаётган ўрганишлар ва назорат тадбирлари доирасида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 4 минг 583 та ҳолатда 335,1 гектар ер майдонининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниш ҳолатлари аниқланди.
Таҳлилларга кўра, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган 335,1 гектар ер майдонининг 181,9 гектари қишлоқ хўжалиги, 16,6 гектари аҳоли пунктларидаги, 14,4 гектари сув фонди, 6,5 гектари саноат, транспорт, алоқа, мудофаа, тарихий-маданий аҳамиятга молик объектларга, 115,7 гектари захира ерларга тегишли эканлиги маълум бўлди.
Ер билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатини юзага келтирганлик учун қонунчилигимизда маъмурий, ҳатто жиноий жавобгарлик белгиланган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 7 та моддасида, бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 2291-моддаси яъни, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, шу жумладан, ушбу ер участкаларига нисбатан қонуний ҳуқуқлари мавжуд бўлмаган ҳолда улардан фойдаланиш жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган.
Агар ана шундай ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилади.
[gallery-19687]
Шунингдек, суғориладиган ер участкаларида қурилиш ишларини амалга оширган ҳолда ерни ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахслар базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Юқорида қайд этилган қонунбузилиш ҳолатларини содир этган шахсларга нисбатан мутахассисларимиз томонидан белгиланган тартибда баённомалар расмийлаштирилиб, уларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўрилди.
Миллий бойлигимиз бўлган ер майдонларини асраб-авайлаш, эртанги кунга ўз ҳолатида етказиш муҳим вазифа ҳисобланади. Ана шу вазифани бажариш, бу борада қонунчиликка қатъий амал қилиш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир. Зеро, мамлакатимизда амалдаги қонунчиликни бузиш, қонунларни менсимаслик, уларга амал қилмаслик албатта, жавобгарликка тортилишини унутмаслигимиз керак.
Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси, унинг туман, шаҳар бўлимлари мутахассислари томонидан ердан фойдаланиш бўйича ўрганишлар давом этмоқда.
Ботиржон Мирзааҳмедов,
Кадастр агентлиги Андижон вилояти бошқармаси
бошлиғининг ўринбосари.
ЎзА