Президент Шавкат Мирзиёев раислигида эндокринология соҳасини такомиллаштириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.
Йиғилишда ташхислаш ва даволаш мақсадида туман ва шаҳар марказий шифохоналарида беморларнинг бир суткалик стационар кузатиш тизими жорий этилиши маълум қилинди.
Шунингдек, ҳар бир ҳудуддаги “саломатлик мактаблари”да, маҳаллалардаги беморларга, шунингдек, диабетга мойиллиги бор,
ортиқча вазнли аҳолига касалликни бошқариш ўргатилади.
Мисол учун, Фарғона вилояти Эндокринология маркази филиалида “болалар диабет мактаби” ташкил этилиб, 1-6 ёшгача диабети бор болаларнинг ота-онасига, 7 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирларга диабет билан яшашни ўргатиш, яъни ўз касаллигини бошқариш, инсулин қабул қилиш, тўғри овқатланиш, спорт билан шуғулланишга ўргатиш йўлга қўйилган.
Бугунги кунда касалликни тўғри бошқариш ҳисобига 6 нафар бола спорт турлари бўйича юқори натижаларга эришиб келмоқда.
Мутасаддиларга йил бошидан аҳоли орасида эндокрин касалликлари скринингини бошлаш, шунингдек, анъанавий ва онлайн усулда тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлашни йўлга қўйиш вазифаси топширилди.
Бунда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликда патронаж ҳамширалар ҳамда оилавий шифокорлар, амалиётдаги эндокринолог шифокорлар малакасини ошириш учун ўқув курслари ташкил этилади.
Масъулларга Ибн Сино техникумларини “саломатлик мактаблари”нинг таянч базасига айлантириб, муаллимлар ва битирувчи курс ўқувчиларини ушбу “мактаблар”га бириктириш вазифаси юклатилди.
– Бунда келгуси йилдан эндокринология ва кардиология йўналишларида патронаж ҳамширалари тайёрлашни йўлга қўйишни ҳам назарда тутиш зарур, – деди Президент.
Аҳоли орасида эндокрин касалликларнинг олдини олиш, касалликларни бошқариш учун алоҳида теле ва радио эшиттиришларни йўлга қўйиш вазифаси топширилди.
ЎзА