Ҳар бир мамлакатнинг жадал ривожланиши, муайян ютуқларга эришиши, соҳаларнинг равнақ топиши, халқнинг фаровон бўлиши ўша давлатда ёшлар таълим-тарбияси ва келажагига бериладиган эътибор даражасига боғлиқ.
Аристотелнинг неча минг йил олдин «Дунёни бошқариш санъати ҳақида ўйлаган ҳар бир инсон империялар тақдири ёшлар тарбиясига боғлиқлигини билади», дея таъкидлаган сўзлари ҳамон ўз кучи ва қудратини йўқотгани йўқ. Дарҳақиқат, ёшлар – мамлакатнинг эртаси, энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси, келажакнинг эгаси. Бугун уларга қаратилган эътибор, яратиб берилган шароит эртага ўз мевасини беради. Шу боис ҳам мамлакатимизда ёшлар масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилиб, уларнинг билим олиб, касб-ҳунар эгаллаши учун барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда.
Ёшларни қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш ва уларнинг касбга эга бўлишига кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда «Ёшлар – келажагимиз» жамғармаси томонидан E-kasb.uz онлайн платформаси ишга туширилди. Шу муносабат билан пойтахтимиздаги Aлишер Навоий номидаги Кино уйида E-kasb.uz онлайн платформасининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.
Тақдимот маросимида Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги директори ўринбосари Фаррух Омонов, «Ёшлар – келажагимиз» жамғармаси директори Хайрулло Сатторов, “Ишга марҳамат” мономаркази раҳбари Нодира Умарова ҳамда турли касб-ҳунарларда ўз йўлини топиб, кенг фаолиятини йўлга қўйган ёшлар сўзга чиқиб, юртимизда ёшларга яратиб берилаётган имкониятлар ҳамда ушбу платформанинг қулайликлари ҳақида сўз юритдилар. Таъкидланганидек, ёшлар тадбиркорлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни бизнес билан шуғулланишга фаол жалб қилиш учун шарт-шароитлар, иш ўринлари яратиш ва йигит-қизлар бандлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Давлатимиз раҳбари 2020 йилнинг декабрида бўлиб ўтган Ўзбекистон ёшлари форумида ижтимоий сўровлар аксарият ёшларимизда ижобий мотивация, бизнес ва тадбиркорлик соҳасида зарур билим ва малака етишмаслигини кўрсатгани, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга қаратилган ишларни янада кучайтириш лозимлиги, кейинги пайтда фарзандларимизнинг моҳир ҳунармандлар қўлида касб-ҳунар ўрганишига етарли эътибор берилмаётгани, бу борада электрон платформа яратиш борасида алоҳида тўхталиб ўтган эди. Шу муносабат ишлаб чиқилган мазкур платформада 16 йўналишдаги касб-ҳунарларни масофадан туриб ўргатиш имконияти мавжуд. Жумладан, қишлоқ хўжалиги, тикувчилик, сартарошлик, кулинария, дастурлаш, косметология, бухгалтерия, пайвандлаш каби йўналишларда ёшлар онлайн тарзда рўйхатдан ўтиб, касб ўрганиши ва сертификатга эга бўлишлари мумкин.
Ушбу платформа ёрдамида 20 минг ёшни ўқитиш режалаштирилган. Платформадан нафақат ёшлар, балки ўқув марказлари ҳам фойдаланиши мумкин.
Тақдимот доирасида концерт дастури ҳамда ўз касбининг моҳир усталари томонидан маҳорат дарслари, юртимиздаги илғор ўқув марказлари кўргазмалари ҳам бўлиб ўтди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА