
Қозон шаҳрида қизғин давом этаётган 1-МДҲ ўйинларининг якунланишига ҳам бир кун қолди.
Ўтган кунлар мобайнидаги муросасиз баҳсларда мамлакатимизнинг иқтидорли спортчиларидан ташкил топган бокс, белбоғли кураш, самбо, эркин ва юнон-рум кураши, муайтай, кураш, милтиқдан ва стентдан ўқ отиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Қозон спорт майдонларига фақат ғалаба учун келганликларини намойиш этишди.
Айниқса, медалларга эгалик қилишда эркин кураш спорт туридан бошқа барча яккакураш спорт турлари бўйича мусобақаларда қатнашган вакилларимиз ўзига хос шижоат намунасини намойиш этишди. Эркин курашчиларимиз 1 та бронза медалигагина эга бўлган бўлса, бошқалар камида 5-10 тагача совринли ўринларни қўлга киритди.
Кеча 9 августдан Қозон татамиларида 1-МДҲ ўйинларига киришган юртимиз дзюдочилари ҳам совринли ўринларга асосий даъвогар эканликларини амалда исботлашди.
Тажрибали мураббийлар Камол Муродов, Улуғбек Азизов, Рафгат Измайлов ва Муқаддас Кубеева бошчилигидаги 15 нафар ёш дзюдочиларимиздан 6 нафари 9 сентябрь кунги беллашувлар натижасида ўз вазнларида бронза медалини қўлга киритишди.
Финал йўлланмасига сазовор бўлган ёш дзюдочиларимиздан 48 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Ҳалимажон Қурбонова финал беллашувида россиялик Алина Сергеевани мағлубиятга учратиб, МДҲ ўйинлари чемпионига айланган бўлса, 57 кг вазн тоифасида Шукуржон Аминова ҳам россиялик Вита Майданикни иппон баҳоси эвазига доғда қолдириб, олтин медаль соҳибасига айланди. Шунингдек, оғир вазнларда қатнашган полвонларимиздан Музаффарбек Тўрабоев финалда россиялик Лев Саркисянни 36 сонияда мағлубиятга учратди, олтин медаль. +100 кг вазн тоифасидаги вакилимиз Шоҳруҳхон Бахтиёров ҳам россиялик Валерий Ендовицкийни доғда қолдира олди.
Татаристон пойтахтидаги дзюдо баҳсларини Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов, Россиядаги Ўзбек миллий маданият маркази мутасаддилари, Қозон шаҳрида меҳнат қилаётган ватандошларимизнинг бевосита кузатиб борганлиги, ёш спортчиларимизга шижоат бағишлаб турганлиги уларнинг ғалаба қозонишида алоҳида аҳамият касб этди.
Келинг, дзюдо мусобақасининг 9 сентябрь кунидаги ғолиб ва совриндорлар билан танишинг:
Олтин:
Ҳалимажон Қурбонова (48 кг)
Шукуржон Аминова (57 кг)
Музаффарбек Туробоев (100 кг)
Шоҳрухжон Бахтиёров (100+ кг)
Кумуш:
Фарангиз Ходжиева (63 кг)
Нурбек Муртозоев (81 кг)
Бронза:
Фарангиз Реджепова (63 кг)
Дилшодбек Йўлдошев (66 кг)
Фарангиз Холмуродова (70 кг)
Ирисхон Қурбанбаева (78 кг)
Фотима Курамбоева (78+ кг)
Суҳроб Раджабов (-100 кг)
Қозон татамиларидаги дзюдо мусобақаларида 4 олтин, 2 кумуш ва 6 бронза медалига мушарраф бўлган спортчиларимиз шарафига Татаристон пойтахтида Ўзбекистон мадҳияси тўрт марта янграб, 12 марта байроғимиз сарбаланд бўлди.
1-МДҲ ўйинларининг дзюдо баҳслари якунига кўра, 8 олтин, 9 кумуш ва 6 бронза медалига эгалик қилган россиялик спортчилар умумжамоада 1-ўринни қўлга киритди. Ўз навбатида вакилларимиз 2-ўрин, 2 олтин, 1 кумуш ва 4 бронзали бўлган озабайжонликлар 3-ўриндан жой олди. Шу ўринда айтиш лозимки, кечаги ўйинлар давомида ўқ отиш йўналишида мерган қизимиз Дилафрўз Қобилжонова бронза медалини қўлга киритиб, умумий медалларимиз “хирмони”га муносиб улуш қўша олди. Шундай қилиб, 9 сентябрь кунги якуний ҳисоб-китобга кўра, Ўзбекистон спортчилари умумий медаллар ҳисобига яна 13 та совринни қўшиб қўйди.
Бу эса ўз-ўзидан Қозон шаҳрида ўтаётган 1-МДҲ ўйинларидаги умумий медалларимиз сони 80 тага етишини таъминлади. Яъни 21 олтин, 29 кумуш ва 30 кумуш. Айни ҳолат ортидан қалбимизда тўяётган ғурур ва ифтихор замирида эса мураббий ва мутахассисларнинг заҳматли меҳнати, шижоатли спортчиларимизнинг Ватанни улуғлашдек ҳисни қалб-қўрига зоҳир этгани мужассамдир.
Умумжамоалар ҳисобида эса 165 та медаллар жамланмасига эга бўлиб турган Россия спортчилари пешқадамлик қилмоқда. Ўзбекистон ёш спортчилари иккинчи ўринда мустаҳкамланиб олган бўлса, биздан кейинги ўринларни Озарбайжон, Қозоғистон ва Беларусь вакиллари банд қилишган.
Бугун 10 сентябрь кунги ўйинлар дастурига биноан, каратэчилар медаллар учун курашга киришади. Шу билан бирга спорт рақси ва спорт гимнастикаси йўналишларида ҳам медаллар учун беллашувлар бўлиб ўтади. Футзал мусобақаларининг саралаш баҳслари ҳам айнан бугун ўтказилади. Эртага эса футзал, бадминтон, каратэ, стол тенниси ва бадиий гимнастика бўйича финал баҳслари ва 1-МДҲ ўйинларининг тантанали ёпилиш маросими ўтказилади.


Тўлқин Рўзиев,
ЎзА