300 минг нафар ўқувчи “Coursera” IT-платформасида бепул таҳсил олади
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан АКТни жорий этиш ва рақамлаштиришга масъул бўлган ходимлар учун онлайн семинар-тренинг ташкил этилди.
Семинарда ахборот технологиялари соҳасидаги талаба ва ёшларни “Coursera” платформасидаги бепул ҳамда профессионал курсларда ўқитиш масалалари муҳокама қилинди.

Муҳокамада Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки ходимлари иштирок этди. Улар “Coursera” онлайн ўқитиш платформасининг имкониятлари ва ундан самарали фойдаланиш, таълим муассасаларида тарғибот ишларини олиб бориш тўғрисида сўз юритди. Шу билан бирга ёшларга онлайн платформа орқали ўқишни ташкил этиш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди.

Бугунги кунда республикамиздаги умумтаълим мактабларининг 190 минг нафар ўқувчиси “Бир миллион дастурчи” лойиҳасининг мантиқий давоми сифатида ташкил этилган “uzbekcoders.uz” порталида рўйхатдан ўтиб, дастурлашнинг замонавий йўналишларини ўрганаётганини таъкидлаш зарур. Улардан 130 минг нафардан зиёди “Coursera” томонидан бериладиган халқаро даражадаги сертификатларга эга бўлган. Йил охирига қадар 300 мингдан зиёд ўқувчилар ушбу платформанинг бепул курсларида ўқиш имконини берадиган сертификатларни қўлга киритади.
Н. Усмонова тайёрлади, ЎзА