30 нафар ходим ишсиз қоладими?
Аризада 30 нафар ходим ишдан бўшатилгани таъкидланган.
Бир мурожаат изидан
Қашқадарё вилоятида жойлашган собиқ “Геобурнефтгазсервис” масъулияти чекланган жамиятининг ишдан бўшатилган бир гуруҳ ходимлари номидан шикоят аризаси келиб тушди. Аризада 30 нафар ходим ишдан бўшатилгани таъкидланган.
Ўрганишлар давомида аниқландики, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 9 июлдаги “Аҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, нефть-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг 2019 йил 30 декабрдаги қарори билан “Геобурнефтгазсервис” масъулияти чекланган жамияти “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятига қўшиб юбориш йўли билан қайта ташкил этилди. Шу билан “Геобурнефтгазсервис” МЧЖ томонидан кўрсатилаётган хизматлар, яъни (иш ҳажми)нинг бир қисми янги ташкил этилган ташкилотга олиб берилган.
Албатта, ҳар бир корхона бошқа бир корхона таркибига қўшилар экан, қўшилаётган корхонада меҳнат қилаётган ишчи ходимлар тақдири нима бўлади, деган табиий савол туғилади.
Мазкур саволга қонунчилик ҳужжатлари, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 98-моддаси ойдинлик киритади. Ушбу моддага кўра:
– корхона мулкдори алмашганда, худди шунингдек, корхона қайта ташкил этилганда (қўшиб юборилган, бирлаштирилган, бўлиб юборилган, қайта тузилган, ажратилган) меҳнат муносабатлари ходимнинг розилиги билан давом этаверади;
– янги мулкдор корхонанинг раҳбари, унинг ўринбосари, бош бухгалтер билан, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини амалга оширувчи ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақлидир (100-модда иккинчи қисмининг 6-банди). Корхонанинг бошқа ходимлари билан эса, меҳнат шартномаси қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳолда бекор қилиниши мумкин.
– корхонанинг бир орган бўйсунувидан бошқа орган бўйсунувига ўтказилиши меҳнат шартномасининг амал қилишини тўхтатмайди.
Демак, бундай ҳолатларда “Геобурнефтгазсервис” МЧЖ да меҳнат шартномалари асосида ишлаб келаётган ходимлар билан меҳнат муносабатлари уларнинг розилиги асосида “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти билан давом эттирилиши керак.
Мавжуд вазиятда шундай йўл тутилган ҳам. Яъни “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси М.Абдуллаевнинг 2020 йил 3 февралдаги 45/1-к-сонли буйруғи билан “Геобурнефтгазсервис” МЧЖда меҳнат қилиб келаётган ходимлар билан меҳнат муносабатлари 2020 йил 3 февралдан бошлаб “Ўзбекнефтгаз” АЖ билан давом эттирилиши белгиланди. Мазкур буйруқда 150 нафар ходимнинг исм-шарифи ва лавозими тўлиқ кўрсатилган.
Бир қарашда барча ишлар қонунчилик доирасида, рисоладагидек кетаётган эди. “Геобурнефтгазсервис” МЧЖ ишчи-ходимлари гарчи акциядорлик жамияти таркибига қўшилган бўлишсада, уларга МЧЖдаги мавжуд штатлар жадвалидаги разрядлар бўйича, ҳеч бир қўшимчаларсиз (бу ерда нефт-газ тизимидаги кўтарилган ягона таъриф коэффициентлари назарда тутилмоқда) 2020 йил февраль, март, апрель, май, июнь ойлари учун ойлик иш ҳақи тўлаб берилди.
Бироқ орадан ҳеч вақт ўтмай, юқоридаги ПҚ-4388-сонли қарор асос қилиниб, “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Ш.Алиризаевнинг имзоси билан “Геобурғунефтгазсервис” МЧЖнинг 30 нафар бошқарув ва муҳандис-техник ходимларига меҳнат шартномаси 2020 йил 1 июндан бекор қилиниши тўғрисида огоҳлантириш хати берилди.
Ҳар қандай жамиятда рўй берадиган ижобий ўзгаришлар омили қонун устуворлигидадир. Бугун юртимизда ҳам қонун устуворлигини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлар таҳсинга лойиқ.
Хўш, “Ўзбекнефтгаз” АЖ масъуллари бу ҳолатни қандай изоҳлайди. Акциядорлик жамиятига мазкур масалада йўллаган саволимизга қуйидаги мазмунда жавоб келди ва уни аслидагидай келтирамиз.
“Сизнинг “Геобурнефтгазсервис” МЧЖнинг 30 нафар ишчи-ходимларини иш билан таъмиланиши ҳамда “Геобурнефтгазсервис” МЧЖни “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимида хўжалик ҳисобида иш юритувчи жамият сифатида сақлаб қолиниши юзасидан юборган мурожаатингиз “Ўзбекнефтгаз” АЖ масъул ходимлари томонидан ўрнатилган тартибда ўрганиб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 июлдаги ПҚ-4388-сонли қарорига мувофиқ, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ижро этувчи аппарати таркибида тугатилаётган бўғинларнинг вазифалари ва функцияларини бажарувчи тегишли бўлинмани ташкил этиш орқали тизим бошқарувида ортиқча бўғинларни қисқартириш, ишлаб чиқариш бўлинмалари устидан тўғридан-тўғри бошқарув ўрнатиш мақсадида нефт-газ қазиб чиқариш ва газни қайта ишлаш ташкилотларини юридик шахс ташкил этмасдан “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятининг таркибий бўлинма (бошқарма, завод)лари этиб қайта ташкил этиш белгиланган.
“Ўзбекнефтгаз” АЖнинг 2020 йил 3 апрелдаги 132-сонли буйруғи билан “Геобурнефтгазсервис” масъулияти чекланган жамияти тизимидаги объектлар нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаларига бириктирилиб, жамиятнинг 150 нафар ходими меҳнат фаолиятларини давом эттирмоқдалар. Шунингдек, мазкур ходимларга белгиланган ойлик маошлари ҳамда “Ўзбекнефтгаз” АЖ жамоа шартномасида белгиланган давлат байрамлари муносабати билан бериладиган рағбатлантириш тўловлари ҳам ўз вақтида бериб келинмоқда.
Бугунги кунда “Геобурнефтгазсервис” масъулияти чекланган жамиятининг 150 нафар ходимидан корхона бошқарув аппаратининг 30 нафар ходимига иш ҳажмининг қисқарганлиги туфайли Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 100-моддаси 2-қисми 1-бандига мувофиқ, огоҳлантириш хатлари берилган ва мазкур огоҳлантириш муддатлари тугаган бўлишига қарамай, ҳозирги карантин даврида пандемия шароитида ходимларнинг ижтимоий аҳволини инобатга олган ҳолда меҳнат шартномалари бекор қилинмасдан давом этиб келмоқда”.
“Ўзбекнефтгаз” АЖнинг жавобидан англашиладики, 30 нафар ходим ҳали расман ишдан бўшатилмаган. Аммо карантиндан сўнг ишчи-хизматчиларнинг тақдири нима бўлади? Шикоят-ариза муаллифларини шу масала ўйлантирмоқда.Умид қиламизки, “Ўзбекнефтгаз”АЖ ўз ходимларини ишсиз қолдирмайди.