Одам савдоси инсонларни алдаш, мажбурлаш, шантаж ёки куч билан назоратга олиб, уларни эксплуатация қилиш мақсадида сотиш, сотиб олиш, ташиш, яшириш ёки қабул қилиш жараёнидир. Бу жиноят инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилиши ҳисобланади.
Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни ҳар йили 30 июлда дунё бўйлаб нишонланади. Ушбу кун БМТ Бош ассамблеясининг 2013 йил декабрдаги резолюцияси билан таъсис этилган — 2010 йилнинг айнан шу куни БМТ томонидан Одам савдосига қарши курашиш бўйича Глобал ҳаракатлар режаси қабул қилинган.
Одам савдосининг турли кўринишлари мавжуд. Хусусан, мажбурий меҳнат (инсонларни ишга мажбурлаш, оз ҳақ тўлаш ёки умуман тўламасдан меҳнатдан фойдаланиш), жинсий эксплуатация, орган савдоси, мажбурий никоҳ (шахсни унинг хоҳишисиз никоҳга мажбурлаш), бола савдоси (болаларни пул учун сотиш, уларни меҳнат ёки бошқа мақсадларда эксплуатация қилиш) шулар жумласидан.
Мамлакатимизда одам савдосига қарши қатъий кураш олиб борилади. Бу соҳада махсус қонунлар, идоралар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик ишлари йўлга қўйилган.
Соҳа вакилларининг сўзларига кўра, Ўзбекистон ушбу салбий иллатга қарши курашда ҳам ҳуқуқий, ҳам ташкилий жиҳатдан тизимли ва сезиларли ривожланишни кўрсатмоқда.
Хусусан, “Одам савдосига қарши кураш тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилди ва амалиётга татбиқ этилмоқда. Одам савдоси, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат билан боғлиқ жиноятлар учун жавобгарлик чоралари кучайтирилди. Одам савдосидан жабр кўрган шахсларни аниқлаш ва йўналтириш бўйича миллий тизим жорий этилди. Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашиш концепцияси ва уни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди.
Ҳукуматнинг тегишли қарори билан болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларини аниқлаш ва уларни ҳимоя қилиш тартиби белгиланди. Низомга кўра, зўравонликдан жабрланган ёхуд ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган болалар бевосита ўзлари ёхуд қонуний вакиллари "Инсон" марказлари, ички ишлар органлари ва бошқа масъул органларга мурожаат қилади. "Инсон" марказлари ички ишлар органлари иштирокида боланинг ҳаётий вазиятини 1 кун муддатда ўрганади.
Бунда "Инсон" маркази боланинг ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид солувчи омилларни дастлабки баҳолашдан ўтказади ҳамда хавф даражасини "паст" ёки "юқори" деб топиши мумкин.
“Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан одам савдоси масалалари юзасидан тадқиқотлар ўтказилди. Тадқиқот маълумотларининг тасдиқлашича, аҳолининг кўпчилик қисми жиноий фаолиятнинг ушбу тури ҳақида яхши хабардор.
Ўзбекистонда респондентларнинг 87 фоизи одам савдосини жиддий таҳдид деб билишини маълум қилган. Шу билан бирга, тадқиқотлар давомида муаммо ҳақида "нималарнидир эшитган", лекин чуқур билимга эга бўлмаганлар гуруҳида қизиқарли динамика кузатилган. Муаммо ҳақида қисман хабардорлик ҳам ижобий, ҳам хавотирли ҳолатни акс эттиради: бир томондан, мавзуга қизиқиш ортиб бормоқда, бошқа томондан эса, агар фуқароларга одам савдоси билан боғлиқ масалалар бўйича юқори сифатли, ишончли маълумотлар берилмаса, нотўғри тасаввурларнинг тарқалиш хавфи ортиб бораверади. 2025 йилда одам савдосидан бехабар эканликларини айтган фуқароларнинг улуши сезиларли даражада камайган.
Фуқароларнинг одам савдоси ҳолатларига тушиб қолиш йўллари ҳақидаги саволга жавоблар таҳлили шуни кўрсатдики, энг кенг тарқалган усул хорижда ишлаш таклифи ҳисобланади. Сўров иштирокчиларининг тахминича, кўплаб жабрланганлар бошқа мамлакатларда ишга жойлашиш ваъдалари орқали шундай вазиятга тушиб қолишади. Бу ишга ёллашнинг энг кенг тарқалган усулларидан бири ҳисобланади.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, одам савдоси каби жиноятлар оддий ваъдадан бошланади. Яхши иш, юқори маош, янги ҳаёт... Бу каби ёлғон ваъдалар ортида алдаш, зўравонлик ва эрксизлик турган бўлиши эҳтимоли катта. Ҳар қандай шубҳали таклиф — хавф сигнали. Бунда, энг аввало чет элдаги иш таклифлари жиддий текширилиши, расмий ҳужжатлар талаб қилиниши лозим. Яхши ваъда берувчи реклама ва таклифлардан эҳтиёт бўлиш тавсия этилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА